10:38 / 02.06.2021
18296

ТИВ Агнешка Пикулицканинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди

Агнешка Пикулицка / Фото: Instagram

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижий журналист Агнешка Пикулицканинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжоновнинг ахборотида айтилади.

«Al Jazeera» телеканали мухбири Агнешка Пикулицка-Вильчевска томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли Ташқи ишлар вазирлиги унинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди», дейилади ахборотда.

Жорий йил феврал ойи бошларида польшалик журналист Ташқи ишлар вазирлиги ходимини шилқимликда айблаб, аккредитация масаласи олти ойда ҳам ҳал бўлмаганини билдирганди. Шунингдек, у ўзига нисбатан босим бўлгани, ижобий материал ёзишни сўраб, қистов қилинганини айтган.

Ҳолат юзасидан Сенат раиси Танзила Норбоева, жамоатчилик ташкилоти раҳбари Комил Алламжонов, Ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш агентлиги ўз муносабатини билдирган.

ТИВ муносабатида эса журналистга тегажоғлик қилган ходим ишдан бўшатилгани таъкидланиб, аккредитация масаласи бир кунда ҳал бўлиши маълум қилинганди.

2021 йил апрел ойи бошларида эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати Агнешка Пикулицкани твиттердаги саҳифасида «аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келиш»да айблаб, баёнот берди.

Top