Жорий йилнинг 31 март куни Тошкентда ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар билан мулоқотда улар дуч келаётган муаммоларга эътибор қаратди.

Учтепа туманида яшовчи фуқаро пакет ишлаб чиқариш цехида ишлашини ва касбини ўзгартирмоқчилигини, компьютер саводхонлиги ва инглиз тили курсларида ўқиш учун имконияти йўқлигини айтди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев унга ҳокимлик ҳисобидан ўқув маркази пули тўлаб берилишини айтди.

«Исталган жойдаги ўқув марказини танланг, биз ўқув курси пулини тўлаб берамиз. Кимда имконияти бўлмаса ва ўқув марказида ўқишни хоҳласа, тўлаб берамиз», деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Шундан сўнг, пойтахт ҳокими ижтимоий аҳвол қийинлиги сабаб ёрдам сўраб қилинган мурожаатларга жавоб берди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2-гуруҳ ногирони бўлган, ишга жойлашишда ёрдам сўраган фуқарони ишга жойлаб қўйишни тегишли мутасаддига топширди ҳамда унга иш жойидан видеохабар юборишни тайинлади.

Уйда ўтириб, тикувчилик қилиш учун тикув дастгоҳи олишда ёрдам сўраган қизга кейинги кун тушгача тикув машинаси уйида бўлишини ваъда қилди.

Тошкент туманидан келган тадбиркорлик бошлаш ниятида бўлган фуқаро туман газ идораси раҳбарлари томонидан сунъий тўсиққа учраётганини айтди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов муаммо ўрганилишини, шахсан ўзи шуғулланишини таъкидлади.       

«Кимга мурожаат қилгансиз, ким сизга шундай деган, ҳаммасини ёзиб олиб, туманга бориб ўрганиб, тагига етамиз. Шахсан ўзим шуғулланаман. Имкон доирасида ишлаб чиқаришингизга яқиндан ёрдам берамиз», деди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов.

Давлат хавфсизлик хизмати ходими бўлган, ошқозон саратони касаллиги туфайли вафот этган инсоннинг қизи ОТМларга кириш учун имтиёз берилмагани ва бунинг сабабларини, инглиз тилини яхши даражада ўзлаштирганини айтиб ҳокимга мурожаат қилди.