Жаҳон | 11:09 / 05.04.2021
7760
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ ноқонуний мигрантларни қонунийлаштириш тўғрисида лойиҳа ишлаб чиқади

Россия Ички ишлар вазирлиги чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, улар илгари миграция қоидаларини бузган бўлса ҳам, мамлакатдаги мавқейини қонунийлаштиришга имкон берадиган лойиҳани ишлаб чиқмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги чет элликларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга мавжуд қонунбузарликларга қарамай, мамлакатда қолишларини қонунийлаштиришга имкон берадиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Қонун лойиҳаси чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг қолиш тартиби ва шартларини белгилайди. Унинг якуний қоидаларида Россияда бўлган барча шахсларнинг ушбу мамлакатда қолиш имкониятини таъминлаш таклиф этилади», дейилган лойиҳада.

Қўшимча қилинишича, ушбу фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилмайди ва илгари қабул қилинганлари бекор қилинади.

Россия Ички ишлар вазирлиги ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш миграция қонунчилигини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилаётганини маълум қилган. Қонун лойиҳасининг концепцияси ҳукумат томонидан маъқулланган.

Шундай қилиб, фуқаролик тўғрисидаги қонунга биноан Россия президенти мамлакат фуқаролигини қабул қилиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг тоифаларини белгилайди.

Ҳужжатда қайд этилишича, узоқ вақт давомида мамлакатда бўлган шахсларнинг айрим тоифалари соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини қабул қилиши мумкин. 

Бундан ташқари, янги қонун Россия ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ўн йил муддатга вақтинчалик шахсий гувоҳномаларни беришни назарда тутадиган ҳуқуқий мақомни тартибга солишга қаратилган. Ушбу тартиб 2021 йил 24 августдан кучга кириши айтилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид