Ўзбекистон | 11:18 / 06.04.2021
3270
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни 2021-2023 йилларда ўзлаштириш ва ҳудудларни экспортбоп маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мавжуд ер майдонлари ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини яхлит майдонларга плантация усулида жойлаштириш ва белгиланган экспортбоп экинлар экилишини таъминлаш топширилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни 2021−2023 йилларда ўзлаштириш кўрсаткичлари ва талаб этиладиган маблағлар ҳисоб-китоби;
  • 2021 йилда қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари манзилли рўйхати;
  • 2021 йилда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;
  • Қашқадарё вилояти ҳудудларини 2021−2023 йилларда боғдорчилик ва узумчилик йўналишларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари;
  • Қашқадарё вилояти ҳудудларини 2021−2022 йилларда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш кўрсаткичлари;
  • Қашқадарё вилоятининг барча турдаги хўжаликларида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш кўрсаткичлари.

2021 йил 1 майга қадар ҳар бир туманда уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш имкониятидан келиб чиқиб, сабзавот, полиз ва картошка уруғчилигига ҳамда мевали ва ток кўчатлари етиштиришга ихтисослаштирилган хўжаликлар ташкил этилади.

2021 йил 1 июнга қадар туманларда камида 5тадан сертификатланган уруғликлар ва кўчатлар савдоси билан шуғулланадиган махсус ихтисослашган дўконлар ташкил этилади.

Марказий банк ва тижорат банкларига сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлари уруғлари, мевали ва ток кўчатлари етиштирувчи фермер хўжалиги, кластерлар ва кооперациялар учун кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ кредитлар бўйича фоиз тўловларини компенсация қилиб беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид