Хўш, нега ўзбекистонликлар бу муллага бунчалар ихлос қилмоқдалар?

Ҳаммаси оддий. Ахборот асрида яшаяпмиз ва кимнидир машҳур қилиш у қадар мураккаб иш эмас. Айниқса оғир дарддан азоб чекиб, ҳар бир чорага нажот сифатида қаровчилар ҳамма нарсага ишонишади. Ахир бундан 10 кун олдин ҳам Ўзбекистонда бу табиб ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмасди-ку.

Мулла Маҳмуд Ҳасанни Ўзбекистонга олиб келганлар жуда оддий ва самарали усулдан фойдаландилар, яъни ахборот тарқатишга зўр бердилар. Натижани ўзингиз кўриб турибсиз. Қизиғи, мулланинг айрим сеансларини ҳақиқий мўъжиза деб қаровчилар сони ортиб бормоқда. Келинг, баъзи ҳолатларни ўрганамиз.

Қулоғи кар дейилган бола мулланинг олдига олиб келинади ва гўёки боланинг қулоғи кўпчилик олдида очилиб кетади.

Келинг, энди ҳолатни таҳлил қилиб кўрайлик. Боланинг қулоғида эшитиш мосламаси борлиги кўриниб турибди. Маълумки, бундай мослама карларга эмас, эшитиши заиф одамларга тақилади. Яъни бу аппарат овозни кучайтириб беради. Мулла Маҳмуд бу мосламани чиқитга чиқаряпти ва унинг қулоғи ёнида бақиряпти. Бола эшитяпти ва қайтаряпти. Ҳамма ҳайратда!..

Иккинчи ҳолатда мулла Маҳмуд кекса аёлни юргизиб юборади ва тез орада бозорларни айланиб юришини айтади.

Аёлнинг ўғлининг сўзларига кўра, онасининг оёқларида қувват йўқ. Лекин аёл тик турибди. Маълумки, юра олмайдиган одам тик туриши ҳам қийин. Оёқлар танани тутиб турибдими, демак озроқ масофага юриш ҳам муаммо эмас.

Мулланинг сеансидан кейин аёл ихлос ва ишонч билан бир неча қадам ташлайди. Яна ҳамма ҳайратда!..

Энг қизиғига эътибор беринг – мулла Маҳмуд оломонни синчиклаб кузатяпти ва болалар церебрал фалажлиги бўлган беморларни секин айланиб ўтиб кетяпти. Мўъжиза кўрсатувчи каромат эгаси биринчи навбатда ана шундай умидсиз беморларга ёрдам бериши керак эмасмиди?

Албатта, агар бу юртдошларимиз чиндан даво топган, бола мукаммал эшита бошлаган, онахон бозорларни кеза олган бўлсалар, биз бундан фақат хурсанд бўламиз ва табибни олқишлаймиз.

Кўпчилик ўйлаши мумкин, агар у чиндан даволай олмаса, нега Ўзбекистондаги фаолиятига тўсқинлик қилинмаяпти, мамлакатдан чиқариб юборилмаяпти?