Жамият | 17:31 / 08.04.2021
5288
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Китобхонлик ҳафталиги» бўлиб ўтмоқда

 5—9 апрел кунлари Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида илк маротаба «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилмоқда. Бу ҳақда ҳафталикнинг бугун, 8 апрел кунги тадбирларида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар берди.

«Китобхонлик ҳафталиги» дастуридан ўрин олган тадбирлар доирасида 30дан ортиқ етакчи нашриётда сўнгги йилларда чоп этилган 100га яқин китоб тақдимотлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, ҳафталик доирасидан Алишер Навоийнинг 580 йиллиги, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги ҳамда ўзбек эстрада санъатининг асосчиси Ботир Зокировнинг 85 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўрин олган.

«Эртага якунланадиган ушбу ҳафталикка нашриётларнинг ўқувчилар олдидаги ҳисоботи деб қараш ҳам мумкин», – дейди АОКА бош мутахассиси Муҳиддин Омонов.

Унинг қўшимча қилишича, ўтказилаётган тақдимотлар, ёзувчи, шоир ва турли соҳа олимлари билан учрашувлар ёш китобхонларда катта таассурот қолдирмоқда.

«Тақдимотларда тиббиёт, иқтисод, бизнес ва болалар адабиётига оид янги нашр қилинган ўнлаб китобларимиз билан қатнашяпмиз. Жумладан, бугун ҳам «eBook» китоб платформаси, бизнесга ва тарихий далилларга асосланган китобларимизнинг тақдимотини ўтказдик», – дейди Zamin нашри раҳбари Абдурашид Ғофуров.

Маълумот учун, «Китобхонлик ҳафталиги» АОКА, Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари томонидан ташкил этилган.

Мавзуга оид