Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов қўшилган қиймат солиғини табақалаштириш қандай натижалар бериши мумкинлиги борасида ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kun.uz мухбирига маълум қилган. 

Қайд этилишича, айрим тармоқ вакиллари пасайтирилган ҚҚС ставкалари жорий этишни ёки айрим фаолият турларини солиқдан озод қилишни таклиф этади. Аммо бу самарасиз чора.

Катта моддий харажатлар талаб этмайдиган хизматлар учун пасайтирилган ставкаларни белгилаш ёки ҚҚСдан озод қилиш таклифлари ҳақида

Бундай таклифлар нафақат туризм, балки бошқа соҳалар бўйича ҳам мавжуд. Уларнинг муаллифлари ҚҚС охирги истеъмолчи томонидан тўланадиган солиқ эканлигини ҳисобга олмайдилар. Шу боис, кўп мамлакатларда ҚҚС ставкаларини пасайтириш тарафдори бўлган сиёсатчилар ўз таклифларини ишлаб чиқарувчилар ва савдо манфаатлари билан эмас, балки истеъмолчилар манфаатлари билан асослайдилар.

Фараз қилайлик, муайян тармоқ учун, масалан, меҳмонхона хизматлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар жорий этилди. Бизнеснинг қайсидир қисми ютади, қайсидир қисми ютқазади.

Мисол учун, бугунги кунда давлат меҳмонхона очаётган компанияларга қурилиш пайтида улар томонидан тўланган ҚҚСни тўлиқ қоплаб бермоқда. Агар сиз меҳмонхонага 11,5 миллиард сўм инвестиция киритган бўлсангиз, шундан 1,5 миллиард сўми қурилиш материаллари, хизматлар ва бошқалар учун тўланган ҚҚС бўлса, у ҳолда меҳмонхона сизга ҳақиқатда 10 миллиард сўмга тушади. Бир ярим миллиардни сизга бюджет қайтариб беради. Бунинг ягона шарти меҳмонхона ҚҚС тўловчиси бўлиши керак. Тўловчи бўлмаганга солиқ бюджетдан қопланмайди, у амортизацияни оширган ва фойдани камайтирган ҳолда меҳмонхона қийматига киритилади.

Истеъмолчи нуқтайи назаридан ҳамма нарса ҳам равшан эмас. Биз ўйлаб кўришимиз керак бўлган биринчи нарса – бундан охирги истеъмолчи ютадими? Иккинчиси – мазкур наф солиқ маъмуриятчилигида қўшимча харажатларни қоплайдими?

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҚҚС ставкасини камайтириш, одатда, товар ва хизматларни мос равишда арзонлаштирмайди.

Масалан, Ўзбекистонда бундан бир ярим йил аввал солиқ ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилган эди. Истеъмолчилардан кимдир нархларнинг 5 фоизга ҳақиқатда тушганлигини сездими? Товарлар ва хизматларнинг аксарияти бўйича нархлар тушмаган. 2021 йил январидан акциз солиғи бекор қилинган импорт товарлари нархлари ҳам арзонлашмади. Бу рақобат йўқлигини ёки истеъмолчи ушбу нархни тўлашга тайёрлигини ва чакана савдо бу нархни пасайтиришни хоҳламаётганлигини билдиради.