Ўтган йил давомида пандемия сабаб Россияда муҳожирлар сони сезиларли даражада камайган ва ҳозирда мамлакатда лойиҳаларни амалга ошириш учун ишчи кучи етарли эмас. Бу ҳақда Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Шунингдек, у рус халқи ўртасида муҳожирларга нисбатан норозилик кучайгани, шунингдек, мигрантларга мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида қарайдиган қатлам шакллангани ҳақида берилган саволларга жавоб бериб ўтди.

«Ростини айтганда, мен муносабатларга оид бирор бир социологик тадқиқот материаллари билан таниш эмасман. Шунинг учун мен россияликларнинг муҳожирларга нисбатан муносабати ҳақида изоҳ бера олмайман», — деди Песков.

Журналистлар томонидан бундай саволлар берилишига Россия президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Магомедсалам Магомедовнинг 2025 йилгача давлатнинг миллат сиёсати стратегиясини амалга оширишга бағишланган йиғилишда айтган сўзлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

У муҳожирларга салбий муносабатда бўлган россияликлар сони 2020 йилда 7,5 фоизга ошганини айтиб ўтган.

Песковнинг сўзларига кўра, ишчи кучи аввало қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида етишмаётгани кузатилмоқда.

У муҳожирларнинг фарзандларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг рус жамиятига мослашиши учун шароит яратиб берилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтган.

Шунингдек, Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин Россия чегараларини очса ва илгари мамлакатда ишлаган хорижликлар қайтган тақдирда ҳам, қурилишларда барибир меҳнат мигрантлари етишмаслигини айтиб ўтганди.

«Бизда қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ўсиши меҳнат ресурсларига қараганда анча юқоридир. Биз илдам ўсмоқдамиз, иш ҳажмларини кўпайтиряпмиз. Чегаралар очилиши натижасида меҳнат мигрантлари қайтса ҳам, бу соҳада бизда ишчилар етишмайди», — деди у.

Бу борадаги яна бир омил россияликларнинг қурилиш соҳасидаги ишларда таклиф қилинаётган ойликка ишлашни истамаслигидир.