Жаҳон | 16:37 / 10.04.2021
7101
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Ирландия пойтахтидаги тартибсизликлар бир неча кундан буён тўхтамаяпти

Тартибсизликлар бошланишига «Шинн фейн» партиясининг юқори лавозимдаги раҳбарлари террорчилик фаолияти олиб борган «Ирландия республика армияси» гуруҳи собиқ аъзосининг таъзия маросимида иштирок этгани сабаб бўлди.

Фото: Reuters

Шимолий Ирландия пойтахтида бир неча кундан буён тартибсизликлар тўхтамаяпти. 9 апрел куни Белфаст шимолида тартибсизликлар иштирокчилари полиция ходимларига тош ва ёнувчи аралашма солинган шиша идишлар улоқтиришди. Маълумот берилишича, бир неча полициячи жароҳатланган. Тартибсизликлар бошланганидан буён камида 55 полициячи жароҳат олган.

Лондондаги ҳукуматга хайрихоҳ бўлган намойишчилар тартибсизликлар иштирокчиларини Британия қироличаси Елизаветанинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филиппнинг ўлими муносабати билан қироличага ҳурмат кўрсатишга чақиришди. Аммо улар фақат акцияни тўхтатиб туриш ниятида ва қиролликдаги мотам маросими тугаганидан сўнг акцияни яна давом эттиришмоқчи.

Тартибсизликлар бошланишига «Шинн фейн» партиясининг юқори лавозимдаги раҳбарлари террорчилик фаолияти олиб борган «Ирландия республика армияси» гуруҳи собиқ аъзосининг таъзия маросимида иштирок этгани сабаб бўлди.

Прокуратуранинг уларни коронавирусга қарши кураш қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарори Лондонга хайрихоҳ бўлган намойишчилар эътирозига сабаб бўлди. 

Шимолий Ирландияда ўтган ўттиз йил давомидаги ўзаро низо оқибатида 3500дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 50 мингга яқин киши жароҳатланган.

Мавзуга оид