9 апрел куни ижтимоий тармоқларда халқ орасида «Наврўз» тўйхонаси номи билан машҳур бўлган Тошкент шаҳридаги «Наврўз» қабуллар уйи бузиб ташланаётгани акс этган видеолар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Эътирозлар аслида таъмирланиши айтилган бино нега бузиб ташлангани, унинг ўрнига бошқа иншоот қурилса, яна миллиардлаб маблағлар сарфланишига қаратилган.
Пойтахт ҳокимлиги бу бино нима мақсадда бузилаётгани бўйича изоҳ берди. Бироқ изоҳда мажмуа нима учун таъмирланмай бузиб ташлангани ҳақидаги саволга жавоб йўқ эди.
«Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Миллий боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, янги Миллий драма театр биноси, машҳур япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейининг намойишлари комплекси, ёш олимлар, ёшлар ва китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган, илм-фан ва санъатнинг турли соҳаларига оид босма ва электрон даврий нашрларнинг улкан салоҳиятига эга бўлган ҳамда 1,5 миллион дона китоб фондини ўз ичига олган улкан кутубхона биноси қурилиш ишлари бошланди», дейилган ҳокимлик изоҳида.
Ҳолбуки, 2020 йил ноябр ойида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги қурилишга оид лойиҳалар билан танишганида «Наврўз» қабуллар уйи таъмирланиб, бу ерда корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди.
Хусусан, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов тўйхона тўлиқ реконструкция қилиниб, атрофи сайилгоҳга айлантирилишини айтган.
«Наврўз» тўйхонаси ўрнига ичини реконструкция қилган ҳолда бинонинг 2-қаватида 2000 квадрат метрдан кўп бўлган жойда Тошкент шаҳридаги барча инвестиция лойиҳалари тақдимоти ва давлат иштирокидаги давлат улуши бор корхоналарнинг Showroom’и ташкил этилади. Бундан ташқари, бинонинг 1-қаватида ишсизлар биржаси бўлиб ўтади. Бу лойиҳа Меҳнат вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади. «Темир дафтар»га тушган ишсиз аҳоли шу ерга келиб, мутахассислиги бўйича ўзига маъқул келадиган ишни топиш имконияти бўлади», деганди ҳоким ўринбосари.
Табиийки, аҳолида таъмирлаш режаси бинони бутунлай бузиб ташлаш қарорига қачон ўзгаргани, бунга нима сабаб бўлгани борасида кўплаб саволлар туғилди.












