Ўзбекистон | 14:19 / 09.04.2021
44345
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида «Наврўз» тўйхонаси бузиб ташланди. Ҳокимлик расмий изоҳ билан чиқди

Тошкент шаҳрида «Наврўз» тўйхонаси бузиб ташланди. Ижтимоий тармоқларда 8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси бузиш ишлари олиб борилгани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий изоҳ билан чиқди. Унда Миллий боғ ҳудудида қандай қурилиш ишлари олиб борилиши бўйича маълумот берилди.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Миллий боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, янги Миллий драма театр биноси, япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейининг намойишлари комплекси, ёш олимлар, ёшлар ва китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган, илм-фан ва санъат турли соҳаларига оид босма ва электрон даврий нашрларнинг улкан салоҳиятига эга бўлган ҳамда 1,5 млн дона китоблар фондини ўз ичига олган кутубхона биносини қуриш ишлари бошланган.

2020 йилнинг ноябр ойида Тошкент шаҳридаги «Наврўз» тўйхонаси реконструкция қилиниб, қатор лойиҳалар амалга оширилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида маълум қилинган.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов тўйхона тўлиқ реконструкция қилиниб, атрофи сайилгоҳга айлантирилишини таъкидлаган.

«Наврўз» тўйхонаси ўрнига ичини реконструкция қилган ҳолда бинонинг 2-қаватида 2000 квадрат метрдан кўп бўлган жойда Тошкент шаҳридаги барча инвестиция лойиҳалари тақдимоти ва давлат иштирокидаги давлат улуши бор корхоналарнинг Showroom’и ташкил этилади. Бундан ташқари, бинонинг 1-қаватида ишсизлар биржаси бўлиб ўтади. Бу лойиҳа Меҳнат вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади. «Темир дафтар»га тушган ишсиз аҳоли шу ерга келиб, мутахассислиги бўйича ўзига маъқул келадиган ишни топиш имконияти бўлади», деганди Шароф Раҳмонов.

Мавзуга оид