Ўзбекистон президентининг 11 мартдаги фармони билан республикада 2021 йилда қуриладиган 45 мингта уй-жой учун бюджетдан ипотека кредитлари ажратилиши белгиланган.
Молия вазирлиги департамент директори Фаррух Ботиров 30 март куни ўтказилган Сенат қўмитаси йиғилишида мазкур йирик қурилиш учун ажратиладиган маблағлар давлат ташқи қарзи ҳисобига қопланишини айтди.
«Бу маблағлар асосан ташқи қарзлар ҳисобидан қопланади. Евробондлар, халқаро молия бозорларига жойлаштирилган бондлар ҳисобидан олинган маблағлар банклар талаби бўйича узоқ муддатга (20 йил) берилади.
Биз фуқаролар талаби ва ишонч ҳосил қилишлари учун мазкур бозорда оператор вазифасини бажардик.
Фуқаролар билишсинки, қурилган уйларни оламан деганда банкда ресурс (10,5 триллион сўм) бор. Шу нарсани биз таъминлаб берамиз», – дея вазирлик масъулининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, фуқаролар олган кредит учун тўланадиган фоиз ва уйнинг бошланғич бадалига давлат томонидан субсидия ҳам ажратилади.
«Ипотека кредитлари бўйича 23 минг 460та оилага 1 триллион сўм маблағни субсидия сифатида тўлаш кўзда тутиляпти. Бу ҳудудларда қурилган уйлар сонига мутаносибдир. Субсидиянинг ўрнини қоплаш эса давлат бюджети ҳисобидан бўлади», – деди Фаррух Ботиров.
- Маълумот учун, 2021 йил 1 март ҳолатига Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 33,8 миллиард долларни ташкил қилди. Шундан 21,3 миллиарди – давлат ташқи қарзи, 12,5 миллиард доллари эса давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарздир.
- Сўнгги маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 54 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган. Охирги 3-4 йилда эса йилига 30-35 мингта уй-жой қуриб келинган. Халқаро экспертларнинг ҳисоблашича, айни пайтда республика аҳолисининг уй-жойга бўлган талабини қондириш учун ҳар йили 145 мингта хонадон қуриш зарур.










