
Архив фото: Tatiana Dudarenko
Тошкентдаги Мустақиллик майдонида жойлашган маъмурий бинони таъмирлаш ва унинг ёнидаги фаввора остига автотураргоҳ қуриш 431,5 миллиард сўмга тушиши мумкин. Бу ҳақда давлат харидлари порталига маълумот жойланган.
Марказий банкнинг 12 апрелдаги курсига асосан, 431,5 млрд сўм – 41 млн доллардан ортиқни ташкил этади.
Ушбу йирик давлат буюртмаси «Трест–12» АЖга берилган. Ушбу компания таъсисчилари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳам бор.

«Газета.uz»нинг ёзишича, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 2019 йил 9 июль куни «Трест-12» компанияси билан буюртма шартномаси имзолаган. Шартнома имзоланган вақтда лойиҳа қиймати 207,82 миллиардга баҳоланган, уни тамомлаш санаси эса 2020 йил 31 декабрга кўрсатилган. Молиялаштириш манбаси тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан.
2021 йил 29 март куни томонлар шартнома қийматини 431,52 миллиард сўмга оширишни кўзда тутувчи қўшимча шартнома тузган. Маблағнинг 113,6 млрд сўми 2019-2020 йилларда тўлаб берилган.
2GIS сервиси харитасига кўра, Шароф Рашидов шоҳкўчасидаги 5-уй –Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси ва Вазирлар Маҳкамаси орасида жойлашган 14 қаватли маъмурий бино. Илгари бу ерда Молия, Халқ таълими ва Маданият вазирликлари жойлашганди.


















