Мурожаатчининг таъкидлашича, мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган ўқувчилар ачинарли ҳолатдаги синф хоналарида дарс ўтишаётгани, хонанинг пол қисми таъмирталаблигидан чангиб кетишини билдиришган. Мурожаатда директор камчиликларни била туриб, буни жамоатчиликдан яшириб келгани, туман халқ таълими мудири ҳам ҳолатдан бохабар бўлгани қайд этиб ўтилган.
Kun.uz мухбири таълим муассасасидаги асл ҳолатни кўриш ва муаммони ўрганиш учун 2-ИДУМда бўлди.


Таълим даргоҳи ҳовлисида бизни 2-ИДУМ директори Отабек Камолов қарши олди. У билан бирга мурожаатда тасвирланган хоналарга кирдик.

Ажабланарлиси, айни вақтда суратда акс эттирилган ҳолатдан асар ҳам йўқ. Кечагина ўқувчилар дарс ўтаётган хона бўм-бўш эди. Катта эҳтимол билан ижтимоий тармоқларда таълим даргоҳининг сурати тарқалганидан кейин раҳбарият хонани тезкорлик билан тозалаб, ўқувчиларни бошқа бир хонага кўчириб қўйган. Хонада эса таъмирлаш ишлари бошланган. Суриштирувлар давомида худди шундай бўлиб чиқди ҳам...

«Таъмирлаш ишлари ниҳоясига етгач, ўқувчилар яна эски жойига кўчирилади»

«Бувайда тумани ҳокимининг 2019 йил 26 июл кунги 6128-қарорига асосан эски биномиздан бу ерга кўчиб келганмиз. Аввал Агросаноат коллежи биноси бўлган бу бино. Коллеж фаолияти 2020 йил август ойидан тўхтатилди. Шу кунгача Агросаноат коллежи балансида турган биноларга биз эгалик қила олмаганмиз. Кадастр бўлими томонидан бино мактаб балансига ўтказилди. Яқин кунгача бинода туман халқ таълими бўлими ходимлари фаолият юритар эди.
Аввалги биномиз «Янгиқўрғон» МФЙга қарашли Дўстлик кўчасида жойлашган эди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатнинг маълум бир қисми ҳақиқатга яқин. Хонанинг пол қисми абгор ҳолатда эди, туман ХТБ эксплуатация бўлими январ ойида хонани бизга бўшатиб берганди. Ўқувчилар кўплиги сабаб синф хонасининг пол қисми шу ҳолатда бўлганини тан оламиз. Бугуннинг ўзида камчиликлар бартараф қилиняпти. Ҳозирданоқ бинони таъмирлаш ишлари йўлга қўйилди.























