Умумий тарихга эга бўлган икки славян давлати

Тарихга назар солсак, Украина аслида Россиянинг она ватани бўлиб, илк рус давлатчилиги ва славян халқларининг православ динига киришлари айнан шу ҳудуддан бошланади. Кейинчалик ҳудудларнинг кенгайиши ва босқинчилик урушлари натижасида аслида бир илдизга эга бўлган икки миллат шаклланади.

Шарқий Европага мўғулларнинг босқинчилик юришлари икки давлатнинг шаклланишида муҳим омил бўлган. Айнан мўғул-татар юришларидан кейин умумий маданият ва тарихга эга бўлган ҳудудларда икки хил мафкура ва маданият шакллана бошлади. Руслар мўғул ва туркий халқлар босқинларидан кейин православ маданияти асосида шаклланди. Бу жараён Украинада бироз бошқача кечди. Киев ва қатор шаҳарлар Буюк Литва князлиги тасарруфига ўтиб кетади. Ундан кейинги даврларда поляк, швед ва Австрия таъсири остида бўлган Украина давлати ҳам католик, ҳам православ маданияти таъсирида шаклланди.

Айнан шу омиллар бир илдизга эга икки славян давлати пайдо бўлишига замин яратди. Украина географик жиҳатдан икки цивилизация кесишмасида жойлашгани (яъни Ғарбий Украина католик цивилизацияси, Шарқий Украина эса православ маданияти остида) мамлакатнинг иккига бўлиниб кетишига ва Россиянинг доимий равишда Шарқий Украинага даъво қилишига сабаб бўлмоқда.

Собиқ иттифоқ парчаланишидан кейинги муносабатлар

Киевдаги Октябрь инқилоби майдонида Украина мустақиллиги тарафдорлари митинги, 1991 йил август
Репик Владимир / UPG / PhotoXPress

СССРдаги иқтисодий-сиёсий низолар натижасида Украина ҳам 1991 йилнинг 24 августида ўз мустақиллигини эълон қилди. Россия билан 1992 йилнинг 14 февралида дипломатик алоқалар ўрнатилди ва ҳар икки давлатда элчихона ҳамда консуллик бўлимлари очила бошланди. 1997 йилда икки давлат президентлари Борис Ельцин ва Леонид Кучма ўртасида «Дўстлик ва стратегик ҳамкорлик тўғрисида» шартнома имзоланган. Шу билан бир қаторда, Қрим яримороли ва Севастопол шаҳри хусусидаги келишув ҳам имзоланган бўлиб, унга кўра, Москва Қрим ва Севастопол Украинага тегишли ҳудудлар эканини тан олади. Аммо рус жамияти буни қабул қила олмади.

Мустақилликдан кейинги йилларда Россиядаги иқтисодий турғунлик ва Украинанинг қулай географик жойлашуви уни Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини яхшилашга ундайди. Асрнинг дастлабки йилларида мамлакатга кўплаб Ғарб ташкилотлари ҳам кириб келиши кучайди. 2004 йилдаги «Зарғалдоқ инқилоби»дан кейин ҳокимиятга ғарбпараст кучларнинг келиши Россия-Украина муносабатларидаги жиддий кескинлик даврини бошлаб берди.