08:34 / 15.04.2021
5846

Ўзбекистонда биринчи гидроаккумуляцияловчи электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда

Жорий йил 14 апрел куни “Ўзбекгидроэнерго” раҳбарияти ҳамда Франциянинг энг йирик электр энергия ишлаб чиқарувчи “EDF” компаниясининг халқаро алоқалар, Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича масъул вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

“Ўзбекгидроэнерго” ахборот хизмати хабарига кўра, учрашувда мамлакатда илк бор гидроаккумуляцияловчи электр станция (ГАЭС) қурилиши, сув омборларида сузувчи қуёш станцияларини ўрнатиш, икки томондан махсус ишчи гуруҳлар тузиш ҳамда асосий ташкилий масалаларни муҳокама қилиш борасида икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди, шунингдек, ўзаро амалий ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашга келишиб олинди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши режалаштирилаётган Хўжакент ГАЭСнинг лойиҳавий қуввати 200 МВт.га тенг.

Маълумот учун, EDF Франциядаги электр энергияси ишлаб чиқарувчи энг йирик давлат компанияси ва дунёдаги энг йирик атом электр станцияси оператори ҳисобланади.

Гидроаккумуляцияловчи электр станция (ГАЭС), насосли аккумуляцияловчи электр станция — ишлаш тарзи бошқа электр станциялардан олинадиган электр энергиясини сувнинг потенциал энергиясига айлантириб (аккумуляциялаб), кейин зарур бўлганда уни қайта электр энергияга айлантириб, энергия тизими (энергосистема)га берадиган гидроэлектр станция. 

Top