Қазилма бойликлар конлари қандай топилади?

Аввало, кон деган тушунчани яхши англаб олиш керак. Кон дегани нима, ҳар қандай маъдан топилмаси ҳам кон бўлиб кетаверадими — йўқ, албатта. Маъдан тарқалган тоғ жинсларининг ўлчамлари (узунлиги, қалинлиги, ҳажми), ундаги фойдали қазилманинг (яъни металл ёки нометалларнинг) миқдори уларни саноат миқёсида ўзлаштирганда иқтисодий самара бермаса, маъдан тарқалган майдонлар кон ҳисобланмайди ва шунчаки олтин, мис ёки бошқа маъданлар намоёни сифати белгилаб қўйилади.

Геологик қидирув ишларининг дастлабки босқичларида топилган маъданлар тарқалган нуқталар, кимёвий ореоллар ёки аномалиялар кон даражасигача етишлари учун кўпгина босқичлардан ўтади, масалан, дастлаб регионал геофизик, геокимёвий ва геологик тасвирлаш ишлари ва ушбу ишлар натижасида топилган маъдан тарқалган нуқталар, ореоллар ёки аномалияларда дастлабки махсуслашган излаш ишлари, кейин эса излаш, дастлабки баҳолаш, муфассал баҳолаш ҳамда разведка (қидириш) босқичлари амалга оширилади.

Ҳар бир босқич геология қидирув ишларига ўтишнинг мақсадга мувофиқлиги геологик-иқтисодий ҳисоб-китоблар бажариш асосида амалга оширилади.

Геологлар дастлабки босқич геологик қидирув ишлари натижасида ёки ўхшашлигига қараб геологик тузилиши ўхшаш ўрганилмаган майдонларда табиий маъдан манбалари (конлари) бўлиши мумкинлигини тахмин қилгандан кейин бунинг устида жуда катта жамоа иш бошлайди. Мисол учун, регионал тасвирга тушириш даврида тоғ жинсидан намуна олиб таҳлил учун лабораторияга юборилади, олинган таҳлил натижалари асосида керакли геологик хариталар тузилади ва хулосалар қилиниб, ҳисобот геологик фондга топширилади.

Вақти келиб кейинги босқич ишларини олиб боришга масъул жамоа ушбу хариталар ва хулосалар асосида ажратилган салоҳиятли майдонларни ўрганиш мақсадида янги босқич ишларига лойиҳа ишлаб чиқади ва лойиҳани бажариш учун махсус гуруҳ ёки экспедиция ташкил қилинади.

Маъданли тоғ жинсларининг қайси томонга қараб тарқалиши, қалинлиги, узунлиги, чуқурлиги ва маъдандаги фойдали қазилманинг миқдори ва бошқа хусусиятлари аниқланади ва буларнинг ҳар бири учун кўп вақт, моддий ресурслар ва маблағлар (техника, ёқилғи, маош, солиқ, электроэнергия каби) сарфланади.

Бажарилган изланишлар натижасида олинган геологик намуналар маъданнинг физик ва кимёвий хусусиятларини аниқлаш учун махсус таҳлил лабораторияларига юборилади. Таҳлиллар натижаларига асосан маъдан тарқалган майдон чегараланиб маъданнинг асосий кўрсаткичлари: ҳажми, солиштирма оғирлиги, ундаги етакчи ва йўлдош металларнинг ўртача миқдори кабилар аниқланиб, ушбу