2020 йилнинг октябр ойига қадар пахта ёғи нархида барқарорлик сақланиб қолаётганди. Бунинг сабаби нимада?
2019 йил пахта ҳосилидан олинган чигит хомашёси асосан 2019 йил октябр ойидан 2020 июн ойигача бўлган даврда қайта ишланди, бу вақт мобайнида 1 кг пахта чигитининг нархи ўртача 1,9 минг сўмни ташкил этган. Шу боис пахта ёғининг нархи йил давомида барқарор сақланиб қолган, яъни 1 литр пахта ёғи ўртача 8-8,5 минг сўмдан биржа савдолари орқали сотилган.
Ўтган йил кузда пахта чигити нархи 60-65 фоизга ошиб, пахта ёғи 25-30 фоиз қиммат сотилди. 2020 йилнинг ноябр ва 2021 йилнинг феврал ойига қадар 1 кг чигит 3,2 минг сўмдан сотилди, 1 литр пахта ёғининг нархи ўртача 12,0-13,0 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилди ва бу даврда нарх барқарорлиги сақланиб қолди.
2021 йил апрел ойида пахта ёғи нархи кескин ошганининг сабаби нимада?
Март ойида 1 кг пахта чигити 3,4 минг сўмдан, апрел ойида эса 5,6 минг сўмдан биржа савдолари орқали сотилди. Натижада айрим ёғ-мой корхоналари ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олган ҳолда 1 литр пахта ёғини 18,0-19,0 минг сўмгача бўлган нархда биржа савдоларига қўйди. Ўтган ойга нисбатан пахта ёғи кескин қимматлаганини кўриш мумкин.
Kun.uz билан суҳбатда бўлган ёғ-мой соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга мутахассис Фахриддин Калоновнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 килограмм пахта чигити 5,6 минг сўмдан харид қилинса, бир литр пахта ёғини 20 минг сўмдан сотган тақдирда ҳам, корхона зарарга ишлайди. Бунинг қисқача арифметикаси шундай:
1 тонна пахта чигити ва уни қайта ишлаш нархи тахминан шунчага тушади:
- 1 килограмм пахта чигити 5,6 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда, шунда 1 тонна пахта чигитининг нархи 5 миллион 600 минг сўмни ташкил этади.
- 1 тонна чигитни қайта ишлаш харажати (барча солиқлар, иш ҳақи ва бошқа харажатлар билан биргаликда) 1,0 миллион сўмга тўғри келади.
- Шунда 1 тонна чигитни қайта ишлаш бўйича жами харажат 6,6 миллион сўм бўлади.
1 тонна чигитдан олинадиган маҳсулот ва унинг нархи қуйидагича шаклланади:
- 1 тонна чигитни қайта ишлашдан 170 килограмм пахта мойи олинади, унинг 1 килограмми 20,0 минг сўмдан сотилганда 3,4 миллион сўмни ташкил этади.
- 450 килограмм шрот олинади, бу маҳсулотнинг 1 килоси 3,5 минг сўмдан сотилганда 1,575 миллион сўмга тўғри келади.
- 350 килограмм шелуха олинади, унинг 1 килоси 2,2 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда, демак 1 тонна шелуханинг нархи 770 минг сўм бўлади.















