Жамият | 13:44 / 17.04.2021
9781
3 дақиқада ўқилади

Инсон қаерда яшаётган бўлса, ўша жойнинг вақти бўйича рўза тутади. Рамазонга доир савол-жавоблар

Муборак Рамазон ойига бағишланган жонли эфирдаги илк суҳбатимизда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид мухлислардан изоҳларда қолдирилган саволларга ҳам жавоб берди. Саволлардан бири ўзбекистонлик мигрантларнинг энг катта қисми истиқомат қиладиган Россиядан келиб тушди.

– Ассалому алайкум, домла. Биз Россиядамиз, рўзани Ўзбекистондаги тақвим вақти билан тутсак бўладими?

– Ва алайкум ассалом. Йўқ, инсон қаерда яшаётган бўлса, ўша жойнинг вақти билан рўза тутади. Саволда айтилган ҳолатда Россиянинг тақвими, у ерда қуёш чиқиши ва ботишига қараб рўза тутади.

Ҳатто тоғдаги билан унинг пастида яшайдиган одам ҳам рўзани ёпиш ва очиш вақтларини бошқача белгилайди. Масалан, Дубайдаги энг баланд иморатда ҳам қаватлар намоз ва рўза вақтлари бўйича учга бўлинган. Иморат ўта баланд бўлгани учун инсон ўзи кўриб турган қуёшга қараб рўза вақтларини белгилайди ва намозини ўқийди.

Агар самолётга чиқсангиз ҳам қуёшга қараб ибодатлар вақтини белгилайсиз. Мисол учун, аср вақтидан кейин самолёт кўтарилди, пастда бир-икки соатларда кун ботиши керак эди. Лекин самолёт кўтарилгач, кун ботмай қолди, сиз қуёшни кўриб турибсиз. Бундай ҳолда рўза очилмайди, самолётда кун ботиши кутилади. Агар мусофир сифатида рўза очиб юборилса, бу рўза бузилган ҳисобланади ва рамазондан кейин ўша кун учун қазо тутиб берилади. Ҳадислар келади, агар рамазон рўзасини узрли ҳолатда очиб юборса ҳам, кейинчалик ўша кун эвазига бир умр қазо рўза тутиб берса-да, ўша куннинг савобини топа олмайди. Шу сабабли ҳатто самолётда бўлса ҳам рўза инсон турган жойга қараб белгиланади.

Яна бир масала, ерда қуёш ботгач, рўза вақти тугаб оғиз очса, шундай кейин самолётда осмонга кўтарилиб қуёшни кўриб қолди. Бундай ҳолда рўза ўз вақтида очилиб бўлган ҳисобланади ва қайта оғзини беркитишга ҳожат йўқ.

  • Барча савол-жавоблар билан тўлиқ видео орқали танишишингиз мумкин. Суҳбат давомида, шунингдек оғиз очиш ва ёпиш вақтларини аниқлашдаги ихтилофлар, кимларга рўза фарзлиги ва кимларга енгиллик берилгани, рўзани бузувчи амаллар, Рамазонда қилиш мумкин бўлган ишлар, ифторлик ва саҳарликда таомланиш одоблари каби мавзуларда сўз боради.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид