Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда қарийб 15 мингта ҳужжатсиз қурилган объектлар аниқланди
Айни пайтда республика бўйлаб қишлоқ хўжалиги ерларида хатлов ўтказилмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоятида ноябрда бошланган жараён ниҳоясига етди.
Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев Қашқадарёда ўтказилган хатлов жараёни тўғрисида маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, вилоятда 3 ой давомида хатлов ўтказилган ва бунга 600 дан ортиқ кадастр ходимлари жалб қилинган.
«Хатлов ишлари юридик ва жисмоний шахслар қишлоқ хўжалиги ерларида ўзбошимчалик билан қурилиш қурилмалари эгаллагани, кўп кўчмас мулклар давлат рўйхатидан ўтказилмагани, солиқ ва кадастр органлари базаларида тафовутлар борлиги, ерларнинг тендерсиз ажратилиш ҳолатлари борлиги сабаб ўтказилмоқда.
Хатловни Қашқадарёдан бошлаганимизнинг сабаби, вилоят майдони 2,8 млн гектар бўлса, фақатгина 6 фоизи ёки 152 минг гектари давлат рўйхатидан ўтган холос. Яъни 94 фоиз ерлар давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Ҳудудда ҳеч қандай ҳужжатсиз уй-жойлар ёки бошқа объектлар қуриб олиш ҳоллари кузатилган.
Хусусан, қарийб 5 минг гектар ерда 15 мингга яқин янги қурилган объектлар аниқланди. Улар ҳеч қандай ҳужжатсиз қурилган. Шу билан бирга, 445 гектар майдонда 18 мингдан ортиқ қўшимча қурилмалар аниқланган.
Ҳозирда Фарғона ва Тошкент вилоятида хатлов жараёни кетяпти. Бу ҳудудларнинг 50 фоизи хатловдан ўтказиб бўлинди», деди палата расмийси.
Маълум қилинишича, айни пайтда Ўзбекистонда 2 млн 300 минг объект давлат рўйхатидан ўтказилмаган.