“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомилларини белгилашдан иборат.

Қонун лойиҳасида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши қуйидаги принциплар асосида амалга оширилиши белгиланди:

  • мулк ҳуқуқи устуворлиги;
  • хусусий мулк дахлсизлиги;
  • олиб қўйилган ер участкасидан мақсадли фойдаланиши;
  • қонунийлик;
  • очиқлик ва шаффофлик;
  • компенсация кафолатланиши.

Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, у жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйишни тўғридан тўғри тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси 7 боб ва 42 моддадан иборат бўлиб, у қуйидаги янги нормалар ва механизмларни ўз ичига олади:

  • ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг ер участкасини компенсация эвазига олиб қўйиш ташаббусини дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича мажлислари оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилиши;
  • очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шартлиги;
  • ташаббускор томонидан очиқ муҳокама ўтказилиши жараёнининг мажбурий тартибда аудио- ва видео қайд қилиниши таъминланиши;
  • очиқ муҳокамани ўтказиш жойи кўпчилик ҳуқуқ эгаларининг яшаш жойига яқин бўлиши кераклиги, ҳуқуқ эгалари учдан икки қисми қатнашганда очиқ муҳокама ўтказилган ҳисобланиши;
  • ташаббускор ҳуқуқ эгаларига очиқ муҳокамада онлайн қатнашиш имкониятини яратиши шартлиги;