Жаҳон | 11:21 / 21.04.2021
30000
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Путинга Донбасснинг исталган жойида учрашишни таклиф қилди

Фото: TАCC

Украина президенти Владимир Зеленский россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Донбасснинг исталган ерида учрашишни таклиф қилди. 

Зеленский ўз видеомурожаатида, «норманд тўртлиги» сиёсий маслаҳатчиларининг 19 апрелдаги йиғилишида Донбассдаги вазиятни тушуниш учун қарама-қарши кучлар тўқнашиш чизиғида учрашиш таклиф қилинганини айтган.  

«Нимани тушунишим керак? Мен шундоқ ҳам барчасини яхши тушунаман, ҳар ой у ерда бўламан. Мен бундан ҳам узоқроққа бориб, сиз билан Украинанинг уруш бораётган Донбассидаги исталган жойда учрашишни таклиф қиламан», деб юзланган Зеленский Путинга. 

Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида уруш боргудек бўлса, бу миллионлаб одамлар ҳаётига таъсир ўтказади ва охир натижада икки томон ҳам бундан ютқазади. Украина етакчисининг таъкидлашича, «тинчликни танкда олиб келиб бўлмайди».  

«Россия президенти бир марта «Агар муштлашувдан қочишнинг иложи бўлмаса, унда биринчи бўлиб мушт тушириш кераклигини» айтганди. Бироқ, фикримча, бугунги кунда ҳар бир етакчи гап безорилар ҳақида эмас, балки ҳақиқий уруш ҳақида борганда муштлашувдан қочиш иложсизлигини билиши лозим. Ҳужум қилиб, бирор кимни ҳимоялаш ҳамда босиб олиб, кимнидир озод қилиш мумкин эмас», деб таъкидлаб ўтган Зеленский. 

Унинг фикрича, Украина ва Россия умумий ўтмишга эгалигига қарамай, «келажакка турлича қарайди». «Биз – бу биз. Сиз – бу сиз. Бироқ бу албатта муаммо бўлиши шарт эмас, бу – имкониятдир. Жуда бўлмаса, ҳали кеч бўлмасдан, келгуси ҳарбий йўқотишларни тўхтатиш учун имконият», деб таъкидлаб ўтган Украина етакчиси.  

Зеленский Украина тинчлик учун дипломатик йўл билан курашишга тайёрлигини, бироқ шу билан бирга ўзини ҳимоя қилишга тайёрланаётганини қўшимча қилган. «Украина уруш истайдими? Йўқ. Унга тайёрми? Ҳа. Украина тинчлик учун дипломатик йўл билан курашишдан тўхтайдими? Ҳеч қачон. Украина борди-ю зарурат юзага келса, ўзини ҳимоя қиладими? Ҳар доим. Бизнинг принцип оддий – Украина урушни биринчи бошламайди, бироқ ҳар доим охиригача курашади», деб айтган Украина етакчиси. 

Донбассдаги вазият март ойида кескинлашди. Март охирида Россия Украина билан чегараларига 4 минг ҳарбийни жойлаштиргани маълум қилинганди. Маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб Россия қуролли кучларининг 28та батальон тактик гуруҳи жойлаштирилган.    

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия қўшинларининг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши бошқа давлатларга таҳдид солмаслигини ва уларни ташвишлантирмаслиги кераклигини айтган. У Россия ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни амалга ошираётгани, россиялик ҳарбийлар Украинадаги ихтилофда ҳеч қачон иштирок этмаганини таъкидлаб ўтган. Россия мудофаа вазирлигида ҳарбийларнинг Қрим яриморолига кўчирилиши Жанубий ҳарбий округнинг режа бўйича ўтказилаётган машғулотлари билан тушунтирилган. 

Ғарб давлатлари етакчилари Россияни ўз қўшинларини Украина билан чегарадан олиб кетишга чақиришмоқда, АҚШ ва НАТО эса Украина шарқида вазият кескинлашгудек бўлса, Киевга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.  

Мавзуга оид