Ўзбекистон | 14:22 / 23.04.2021
7204
2 дақиқада ўқилади

Журналистика университети ўқув йили охиригача масофавий таълимга ўтди

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари ўқишни масофавий таълим шаклида давом эттиришади. Бу ҳақда университет ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида 12 апрелда бошланган 2 ҳафталик карантин якунланди.

Қайд этилишича, мазкур олий таълим муассасасида таълим жараёни онлайн тарзда давом эттирилади.

ОТМ ётоқхонасида карантинга олинган талабаларга уйларига кетиш учун 24 апрелдан рухсат берилади.

Бундан олдин, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 14 кунлик масофавий таълим шаклига ўтказилганди.

Шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўтган ҳафта мобайнида баъзи кам сонли талабалар орасида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Шу муносабат билан касалликнинг талаба ва ўқитувчилар орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида университетда ўқув жараёнлари 14 кунга масофавий шаклга ўтказилди.

Бундан ташқари, 19 апрелдан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳам карантин сабаб масофавий таълимга ўтди.

Шу кундан эътиборан Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент тиббиёт академияси талабалар ётоқхоналари 14 кунлик карантинга ёпилди.

Аввалроқ, ТАТУ Самарқанд филиали, Чирчиқ давлат педагогика институтидаги битта факультет онлайн таълимга ўтказилганди.

Мавзуга оид