Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озиқ-овқат нархлари ошишини секинлаштириш учун давлат нималар қилмоқчи? Мамаризо Нурмуродов изоҳ берди
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов озиқ-овқат нархлари кескин ошишига қарши қўлланиши кутилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистонда озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ягона давлат стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Бизни ташвишга солаётган озиқ-овқат масаласида айтиш керакки, президент томонидан ҳукуматга, тегишли вазирлик ва идораларга ички бозордаги озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланди. Ҳозирги кунда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона давлат стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Стратегия кенг қамровли ички ва ташқи талаб ва таклиф омилларини ўзида акс эттиради. Келгусида бизни хавотирга солаётган озиқ-овқат нархлари ўсишининг секинлашишига хизмат қилади», – деди Мамаризо Нурмуродов 22 апрел кунги матбуот анжуманида.
Марказий банк раиси озиқ-овқат нархлари ўсишини секинлаштириш бўйича режалаштирилаётган айрим чораларни санаб ўтди.
Импортни диверсификация қилиш
«Хориждан олиб келинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг импорт бозорларини диверсификация қилиш. Масалан, ёғ ва шакар каби маҳсулотларни асосий ҳамкорларимиз Россия, Қозоғистондан олиб келадиган бўлсак, Жанубий-Шарқий Осиё, Лотин Aмерикаси давлатларидан олиб келиш борасида ҳам ҳукумат томонидан тегишли ишлар қилинмоқда», – деди Нурмуродов.
Транспорт харажатларини пасайтириш
«Импортда концентрациялашув даражасини пасайтириш ва транспорт харажатларини камайтириш. Бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар инфляция даражасини пасайтиришга ижобий таъсирини кўрсатади», – деди МБ раиси.
Етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ҳажмларини ошириш
«Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳудуд раҳбарларига озиқ-овқат нархларини мувозанатлаштириш, мева-сабзавот, озуқа ва ем маҳсулотларининг ҳажмини ошириш борасида ҳам топшириқлар берилган. Зарурий ер майдонлари ва сув ресурслари ажратиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда», – дея қайд этди Мамаризо Нурмуродов.
Aввалроқ, Марказий банк раиси гўшт нархи барқарорлашгани ҳақида гапиргани хабар қилинганди. Нурмуродовга кўра, қорамол импорти ўтган йилгига нисбатан 4 баробар ошиб, расталарда гўшт нархи мувозанатлашган.
Шунингдек, у имтиёзли кредитлар банк тизимида коррупцияга мойилликни оширишини айтиб ўтгани хабар қилинган эди.
- 22 апрел куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.
Мавзуга оид
07:40 / 30.03.2026
Дунё озиқ-овқат харитаси ўзгармоқда: марказда Лотин Америкаси
18:10 / 28.03.2026
Фуқароларга ўз номига кредит расмийлаштирилгани ҳақида хабар берувчи хизмат йўлга қўйилди
16:44 / 28.03.2026
Марказий банк ҳисобварақлар ўртасида A2A ўтказмаларни ишга туширди
16:34 / 28.03.2026