Водилдаги вилоят ҳокимлиги “Қабуллар уйи”да “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум олдидан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, икки қўшни давлат делегация аъзоларининг кенгайтирилган тартибдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров учрашувда сўз олиб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун бир қатор таклифларни илгари сурди.

Жумладан, вилоят раҳбари Бешариқ туманида Тожикистон билан чегара ҳудудида “Андархон” назорат-ўтказиш пункти ёнидаги майдонда “Қўқон эркин иқтисодий зонаси”га боғлиқ Эркин савдо зонаси ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлари давом этаётгани, бу эса ҳар икки мамлакатдан эркин кириш ва чиқиш имконияти яратиши, минтақавий улгуржи ва чакана савдони ривожлантириш учун катта қадам бўлишини таъкидлади.

Хайрулло Бозоров, шунингдек, Фарғонада Баткен ва Сўғд савдо уйларини, чегарадош бу икки вилоятда эса Фарғона савдо уйини ташкил этиш, олий таълим соҳасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш каби бир қатор таклифларни илгари сурди. 

Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода Тожикистон ҳам пахта хом-ашёси экспортидан воз кечиш ҳаракатида эканини билдириб, Фарғона вилояти тадбиркорлари учун пахтани қайта ишлаш ва текстиль соҳасида ҳамкорлик истиқболлари очилаётганини таъкидлади. Аҳмадзода Фарғона водийсига сифатли ва арзон кўмир экспорти қилиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Учрашувда сўз олган Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев, Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси экани Фарғона ва Сўғд вилояти бизнеси учун қўшимча имконият йўлаги эканини таъкидлади. 

Учрашувдан сўнг Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида делегация раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.