Ўзбекистон | 10:40 / 24.04.2021
19980
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор Чорвоқдаги «маргимуш қабристони» ва ундан кутилаётган хатар хусусида маълумот берди

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омбори атрофидаги маргимуш заҳарли кимёвий моддаси кўмилган ҳудуд, ундан сизиб чиқаётган сувлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

«Ташвишли ҳолатлардан яна бирини олдинроқ ўтказган ўрганишларимизда аниқлаганмиз. Чорвоқ сув омбори атрофида маргимуш заҳарли кимёвий моддаси кўмилган жой бор. Ушбу ҳудуддан сизиб чиқаётган сувлар Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, қолаверса, кейинги вилоятларимизнинг ичимлик сувини зарарлантиришга олиб келади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг, янглишмасам, 2010 йилдан кейин қабул қилинган қарори ҳам бор. Бу ҳудудни қабристон деймиз. Ҳукумат қарорида шу ҳудудни бошқа жойга кўчириш масаласи бор. Агар эртага сув кўпайиб кетса, улардан оқиб чиқадиган зарарли моддалар аҳолимиз соғлиғига жиддий путур етказиши аниқ.

Шунинг учун ҳам ҳозир Вазирлар Маҳкамасида 10 та штат бирлигидан иборат экологияни сақлаш бўйича инспекция ташкил қилинди. Инспекция мустақил равишда фаолият юритади. Прокуратура органларига бу жараённи назорат қилиш учун 10 кишидан иборат штат бирлиги ажратилди. Ўтган йилнинг ўзида ўзимизнинг ходимлардан 10 нафарини шу иш учун ажратдик ва улар тўлиқ фаолият кўрсатишга ўтишди», – дейди бош прокурор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги «2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Бўстонлиқ туманининг «Якка тут» маҳалласидаги Маргимуш қабристонини лойиҳа асосида реконструкция қилиш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 5 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу вазифа 2021 йил давомида амалга оширилиши белгиланган.

Мавзуга оид