Қашқадарёда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Шуҳрат Аъзамов манзилли колонияга ўтказилиши арафасида қамоқхонада ўзини осиб вафот этгани, марҳумнинг яқинлари у ўзини осгани ҳақидаги изоҳга шубҳа билан қараётгани, ўлим ҳодисаси юзасидан Қарши махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Қашқадарё прокуратураси ҳолат юзасидан Kun.uz’га қўшимча маълумот тақдим этди.
2021 йил 28 март куни соат 16:30да Қарши махсус прокуратурасига Қашқадарё вилояти, Шайхали қўрғонида жойлашган 2-сонли жазони ижро этиш колониясидан, ушбу колонияда ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а,в” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, 2017 йил 10 январдан жазо муддатини ўтаб келаётган Ш.Аъзамовнинг ўз жонига қасд қилгани юзасидан маълумот келиб тушган.
Воқеа жойига соат 16:50да етиб борган Қарши махсус прокурори бошчилигида тезкор-тергов гуруҳи томонидан кечиктириб бўлмайдиган процессуал ҳаракатлар амалга оширилган.
Жумладан, Қарши махсус прокурори адлия маслаҳатчиси Д.Тўраев томонидан маҳкум Ш.Аъзамовнинг мурдаси тўлиқ кўздан кечирилганида, унинг бўйин соҳасидаги странгуляцион эгатдан ташқари, танасининг бошқа бирор қисмида жароҳат излари аниқланмаган.
Бу ҳақда шу жойнинг ўзида мурдани кўздан кечириш баённомаси расмийлаштирилиб, холислар иштирокида имзоланиб, кўздан кечириш жараёни тўлиқ фотосуратга туширилган.
Қашқадарё вилояти Суд-тиббиёт экспертизаси маркази хулосасига кўра, марҳум Ш.Аъзамовнинг ўлимига, унинг бўйин қисмидан осилиши натижасида юзага келган механик асфикция сабаб бўлган. Марҳум Ш.Аъзамовнинг танасида бошқа биронта жароҳат аниқланмаган.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўлимидан бир неча дақиқа олдин марҳумнинг ёнида бўлган маҳкумлар билан суҳбатлашилганида, улар темирчилик цехида марҳум билан биргаликда ишлаб келишганини, шу куни Ш.Аъзамов шахсан ўзи колония раҳбариятидан цехга чиқиб ишлашга рухсат сўраганини, улар биргаликда темир пайвандлаш ишлари билан шуғулланганликларини, Ш.Аъзамов атрофдагилар билан ҳар кунгидай муомалада бўлганини, унинг ҳаракатларида биронта ўзгариш кузатмаганларини, соат 15:30ларда у ўзи ясаётган печка учун бир бўлак металл топиш мақсадида алебастр сақлаш омборхонаси ёнидаги металл бўлаклари сақланадиган жойга бориб келишини айтганини, 10 дақиқа ўтиб қайтиб келмагани сабабли уларни назорат қилиб турган ҳарбий қисм назоратчиси Ш.Аъзамовни қидириб кетганини, орадан 2-3 дақиқа ўтиб, назоратчининг бақирган товуши эшитилгани, шундан кейин Ш.Аъзамов алебастр сақлаш омборида ўзини осиб қўйгани ҳақида билишгани маълум бўлди.

















