Жамият | 13:16 / 27.04.2021
2237
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига кредит олиб, ўзлаштирган банк ходимларига жиноий иш қўзғатилди

Жиззах вилояти Дўстлик туманида фуқароларга уларнинг хабардорлигисиз имтиёзли кредит ажратиб ўзлаштирган банк ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Дўстлик туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ «Микрокредитбанк» Дўстлик мини банки мудири ва ходимлари содир этган жиноятлар аниқланган.

Жумладан, мазкур банкнинг мудири Ш.Б., ходими Д.Қ. ва бошқалар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2019-2020 йилларда 7 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз уларнинг номидан имтиёзли шартларда 156 миллион сўм кредит маблағларини расмийлаштирган. Сўнг, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид