2020 йилда глобал миқёсда ҳарбий мақсадларда сарфланган маблағлар ҳажми 1,98 триллион долларни ташкил этган. Бу ҳақда Стокҳольм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълум қилди.

1,98 трлн доллар – 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2,6 фоизга кўп.

2020 йилдаги жами ҳарбий харажатларнинг 62 фоизи 5 та давлат ҳиссасига тўғри келади: АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Буюк Британия.

  • АҚШ – 778 млрд доллар;
  • ХХР – 252 млрд доллар;
  • Ҳиндистон – 72,9 млрд доллар;
  • Россия – 61,7 млрд доллар;
  • Буюк Британия – 59,2 млрд доллар.

Хитой ҳарбий харажатлари сўнгги 26 йилдан бери муттасил ошиб бораётгани диққатга молик.

2020 йилги ҳарбий харажатлар, минтақалар кесимида. Дата: SIPRI

Тадқиқотчилар урғу бераётган яна бир факт: Пандемиянинг биринчи йилида глобал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 4,4 фоизга қисқарган пайтда ҳам, ҳарбий соҳага ажратилган маблағлар ошган.

Натижада, ҳарбий харажатларнинг глобал ЯИМдаги улуши 2019 йилдаги 2,2 фоиздан 2,4 фоизга етган.

Қайд этилишича, ўтган йил давомида Чили ва Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳарбий бюджет қайта тузиб чиқилган, Бразилия ва Россияда эса ҳарбий соҳа маблағлари қисқартирилган. Хусусан, Россия мудофаа мақсадларига бюджетдаги режадан 6,6 фоизга камроқ пул ишлатган.

«Пандемия 2020 йилда глобал ҳарбий харажатларга сезиларли таъсир кўрсатмаганини кузатишимиз мумкин. Давлатлар пандемиянинг иккинчи йили давомида ушбу даражадаги ҳарбий харажатларни сақлаб қоладими ёки йўқми, буни аниқ айтиш қийин», – деди SIPRI Қурол ва ҳарбий харажатлар дастури тадқиқотчиси доктор Диего Лопес да Силва.

2020 йилда Қўшма Штатлар ҳарбий харажатлари тахминан 778 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 4,4 фоизга ўсган.

Бу – бутун дунёдаги ҳарбий соҳага жалб қилинган маблағларнинг 39 фоизини ташкил этмоқда.