08:13 / 28.04.2021
16475

Сариосиё - Тошкент йўналишидаги поездда тиббий хизмат етишмагани сабаб фуқаро вафот этгани юзасидан изоҳ берилди 

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Сариосиё - Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи 681-сонли йўловчи поездида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори воситалари, аптечка, тиббий билимга эга бирор шахс йўқлиги боис кекса аёлнинг тоби қочиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

“Ўзтемирйўлйўловчи” расмий изоҳида айтилишича, жорий йил 25 апрел куни Сариосиё бекатидан 1961 йилда туғилган йўловчи Б.Г. қизи ва ўғли ҳамроҳлигида Сариосиё - Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи поездда Тошкент шаҳрига йўлга чиққан. 

“Йўловчи Б.Г. вагонга чиқаётган вақтида аҳволи оғир эканини инобатга олиб, вагон кузатувчилари томонидан йўловчига амалий ёрдам берилган ва ҳар бир темир йўл бекатларига тиббиёт ходимлари вагонга чақиртирилган. Йўл сафари давомида Б.Г.нинг аҳволи кескин равишда оғирлашиб, Денов, Қумқўрғон, Бойсун, Дарбанд вокзалларидан тиббиёт ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. 

Қумқўрғон тиббиёт пункти навбатчи фельдшери кеч соат 18:20ларда бемор Б.Г.га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатаётган вақтида унинг қизи онасининг жигар церрози касаллиги билан оғриганини айтади. Буни у ўз тушунтириш хатида ҳам баён қилган. Дарбанд вокзали ҳамшираси бемор аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида, беморнинг фарзандларига беморни йўловчи поездидан тушириб олиб қолишни айтган, беморнинг ўғли поезддан тушиб қолишга рози бўлмаган. Беморнинг ўғли буни ўз тушунтириш хатида ҳам баён қилган. 

Темир йўл бекатларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан,  поезд Оқработ темир йўл бекатига яқинлашаётганида тоби қочган бемор йўловчи оламдан ўтган”, дейилади маълумотда. 

Билдирилишича, бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашли барча поездлар тиббиёт қутилари (аптечкалар), биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар билан таъминланган. 

“Бундан ташқари, ҳар бир станцияда тиббиёт хоналари мавжуд, уларда кеча-ю кундуз тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради. Шунингдек, айни кунда йўловчи поездларни техник ва технологик йўлга тайёрлаш корхонасида 100га яқин тиббиёт қутилари захира қилинган. Улар дори воситалари билан тўлдирилиб, фойдаланиш муддати доимий равишда назорат қилиб борилади. Шу боис, фуқароларимиздан ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз”, дея якунланган расмий изоҳ.

Top