Икки мамлакат аҳолиси ўртасидаги навбатдаги низо Тожикистон томони Исфара дарёси юқори оқимидаги «Бош» сув тақсимлаш пунктидаги сув тақсимотини назорат қилмоқчи бўлгани туфайли бошланди. Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилоятидаги полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилди. Тожикистон бу ҳудудни ўзиники деб ҳисоблайди, Қирғизистон эса баҳсли ҳудуд сифатида билади.

Тожикистон фуқаролари Қирғизистоннинг икки туманини ўзаро боғлаб турадиган автойўлни ёпиб қўйди, қирғизлар эса Тожикистоннинг Ворух анклав ҳудудига олиб борадиган йўлни тўсди. Куннинг иккинчи ярмига келиб вазиятга ҳарбийлар аралашди.

Қирғизистон давлат чегара хизмати матбуот маркази маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 13:00дан кейин тожик томони чегарадаги «Қапчиғай», «Мингбулоқ», «Дўстлик» заставаларига, шунингдек, «Хўжагар» ва «Булоқбоши» чегара постларига қарата ўт оча бошлади. Миномётдан берилган зарбалар оқибатида Боткен чегара отрядининг «Дўстлик» чегара заставасида ёнғин чиқди.

Матбуот хизмати вакилининг сўзларига кўра, «тожикистонлик ҳарбийларнинг ҳаракатига жавобан Қирғизистон Республикаси миллий хавфсизлик хизмати қўмитаси чегара хизматининг «Бору» махсус отряди Тожикистон Республикасининг «Хўжа аъло» чегара заставасини эгаллаб олган».

«Қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб икки томон ҳам қўшимча куч ва воситаларини ҳаракатга келтирган», дейилган вазирлик хабарида.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилояти бўйича махсус вакили Ўмурбек Сувоналиевнинг «Интерфакс»га маълум қилишича, Боткен вилоятининг Тожикистон билан чегарадош бўлган яна бир тумани Лайлакда ҳам қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтган.

«Кулунду ва Максат қишлоқлари яқинида Тожикистон қуролли кучлари билан қуролли тўқнашувлар бошланди. Ҳозирча жабрланувчилар ҳақида маълумотлар келиб тушмаган. Тожикистон томонидан берилган артиллерия зарбаларидан кейин чегара заставасида ёнғин чиққан», деган Сувоналиев.

Пайшанба куни кечга яқин Қирғизистон ТИВ томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00да ўт очишни тўхтатиш борасида келишувга эришгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, ҳарбий кучлар олдинги жойларига қайтарилади. Тожикистон ТИВ ҳам бу маълумотни тасдиқлади. «Яқин вақтлар ичида Исфара шаҳрида икки давлат ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари иштирокида музокаралар бошланади», дея Тожикистон ТИВ баёнотини келтирган «РИА Новости».