Ўзбекистон | 08:46 / 01.05.2021
5664
3 дақиқада ўқилади

Эски Шилдирнинг эски қабристони таъмирга муҳтож

Фото: KUN.UZ

Данғара туманининг Эски Шилдир қишлоғидаги аянчли аҳволга келиб қолган қабристонни халқ таъмирлаяпти. Давлат томонидан бошланган таъмирлаш ишлари чала қолиб кетгани айтилмоқда. 

Ижодий жамоамиз билан Данғара тумани Эски Шилдир қишлоғига фуқароларнинг мурожаатини ўргангани бордик. Мурожаатчилар билан учрашиб, ортга қайтар чоғимиз мурожаатчилардан бири «Ука, йўқ демасангиз, сизни бир ерга олиб бормоқчимиз. Бироз вақт ажрата оласизми?» деб қолди. 

Суҳбатдошимиздан қаерга олиб бориши ҳақида сўрадик. Уларнинг айтишича, қишлоқда маҳалла аҳли саховатли ҳамқишлоқларининг ҳомийлиги ёрдамида, ҳашар йўли билан қабристон қураётган экан. «Шу ишларни ҳам бир кўриб кетинг», дея йўл бошлади ҳамроҳимиз. 

Қишлоқнинг катта йўл бўйида қабристон бор бўлиб, унинг ичида қурилиш-таъмирлаш ишлари кетаётган экан. 

«Қабристонда ўтган йили таъмирлаш ишлари бошланган бўлиб, ушбу ишлар чала қолиб кетган эди. Давлат томонидан қабристоннинг атрофи янгитдан ўралиб, асосий дарвозаси олдига ер айвон ва битта кичкина хонача қурилди. Кўриб турганингиздек, атрофни ўраш ҳам чала қолдириб кетилди», — дейди бизга ҳамроҳлик қилаётган фуқаро Иқрор Юсупов.

Қишлоқ аҳолиси қабристонни таъмирлаш ва ободонлаштириш борасида амалий ёрдам сўраб ўз сектор раҳбарлари — туман прокурорига бир неча маротаба мурожаат қилган, таклиф киритган. 

«Прокурор секторига қараймиз. Ҳамқишлоқлар кўп бора айтдик қабристонни ободонлаштириш, таъмирлаш ишларида ёрдам беринг деб. Бирор бир натижа бўлмади. Яқинлари шу ерга дафн этилган одамлар зиёратга келса, қулай бўлган жойнинг ўзи йўқ. Эски жойнинг аҳволи мана бу», — дея йўл кўрсатди.

Гувоҳи бўлганимиз тўкилиб тушишига оз қолган эски бино ва ундаги аянчли манзаралар бўлди. 

«Зиёратга келганлар шу шароитда ўтиришга мажбур. Шунинг учун ҳам одамлар, ҳамқишлоқлар бир бўлиб ҳомийлар кўмагида янги жой қурдиряпмиз. Усти берк айвон ва хоналардан иборат янги жойда одамлар учун қулайликлар яратилади. Ишларимиз энди ярмига етиб келди. Бошлаган ишимизни зора Данғара тумани прокурори — секторимиз раҳбари, ҳоким бува кўриб оз-моз ёрдам берса. Ажаб эмас, шунинг учун сизни бу ерга бошлаб келдик. Ёритиб берсангиз деган мақсадда», — дейди суҳбатдошимиз. 

Қишлоқдан қайтар эканмиз, одамларнинг қабристонни обод қилиш борасидаги бирдамлиги ва аҳиллигини кўриб ҳавас қилдик. Данғаранинг Эски Шилдир қишлоғида ҳашар йўли билан қурилаётган қабристон зиёратгоҳига туман раҳбарияти ва сектор маъмурияти ёрдам беради деган умиддамиз. 

Файзулло Султонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид