Яқинда бўлиб ўтган Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара можаросига қандай изоҳ берасиз? Ушбу ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари нималардан иборат ва улар қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

— Тожик-қирғиз чегарасидаги навбатдаги зиддият оқибатида биз учун қардош икки халқ вакилларининг қурбон бўлишига олиб келгани – фожиа бўлиб, чуқур ҳамдардлик ҳиссини юзага келтирмоқда.

Айни вақтда можаро сабаблари ва айбдорларини қидириш мавриди эмас. Бу мавжуд зиддиятни янада кучайтиради. Эндиликдаги вазифа – можаро авж олишига йўл қўймаслик, одамларни тинчлантириш, қанчалик қийин бўлмасин мулоқотга киришиб, турли провокацияларга учмасдан ва барча саъй-ҳаракатларни зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш учун йўналтириш лозим.

Чунки муаммонинг асл сабаблари барчага маълум. Булар – давлат чегараларининг делимитация ва демаркация қилинмагани, минтақада сув ресурсларини тақсимлашнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги ва трансчегаравий дарёлардаги гидротехника иншоотларининг ўзаро манфаатли шартлар асосида фаолият кўрсатмаслиги.

Ушбу муаммолар Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришгандан сўнг янада долзарб аҳамият касб эта бошлади. Бунинг сабаби ўтган аср бошларида давлат чегаралари минтақанинг географик хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда белгилангани ва бир неча давлатларни сув билан таъминлайдиган гидротехника иншоотларининг баҳсли ҳудудларда жойлашганидир.

Натижада минтақада ўнлаб километр чегара ҳудудлари минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш учун нафақат тўсиқ, шу билан бирга, чегара можароларининг сабабларидан бири бўлмоқда.

Бу муаммо айниқса Фарғона водийси учун жуда долзарб аҳамият касб этади. Чунки ушбу ҳудудда ер ва сувдан фойдаланиш масаласи аҳолининг турмуш шароитида жуда муҳим рол ўйнайди. Ўзингиз баҳо беринг, Фарғона водийси Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудидир. Бу ерда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 15 миллион фуқароси ёки ушбу уч мамлакатнинг деярли 30 фоиз аҳолиси истиқомат қилади.

Аҳоли зичлиги 1 квадрат километрга 360 кишини ташкил қилади. Бу Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан 6 баробар, Қирғизистонга – 12 баробар, Қозоғистонга – 56 баробарга кўп демакдир.

Шу билан бирга, Фарғона водийсида истиқомат қилувчи халқлар мавжуд қийинчиликларга қарамасдан асрлар давомида тинч ва тотувликда яшаб, табиий бойликлардан умумий манфаат учун биргаликда фойдаланиб келишган ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолишига ишончим комил.