Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг таъсис этилганига энди 1 ой бўлган фирмага шаҳар марказидан 14 сотих ер участкасини тўғридан тўғри ажратиб бериш тўғрисидаги қарори қатор сабабларга кўра ғайриқонуний бўлиши мумкинлиги, бундан ташқари у маҳаллий кенгаш депутатларининг кворуми бўлмаган ҳолда тасдиқлангани хабар қилинганди.
Адлия вазирлиги мазкур мақолага расмий муносабат билдирди.
Вазирлик маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан 2021 йил 5 май куни шаҳар ҳокимининг 80к-сонли қарорида кўрсатилган ер ажратишдаги қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган.
Шунингдек, халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 2021 йил 30 апрел куни бўлиб ўтган 19-сессиясида шаҳар ҳокимининг 80к-сонли қарори депутатлар томонидан тасдиқланганининг қонунийлиги, ваколатлилиги, ушбу қурилиш объектини қуриш ишлари бажарилиши мумкинлиги юзасидан Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганишлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан 2021 йил 19 апрел куни қонун ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича Андижон шаҳар ҳокимига, Давлат кадастр палатаси Андижон шаҳар филиалига ва Андижон шаҳар қурилиш бошқармаларига ҳуқуқий маслаҳат ҳамда огоҳномалар киритилган.
Шунингдек, мазкур ҳолат Андижон вилояти ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда. Ўрганишлар якуни бўйича тўлиқ ахборот берилиши маълум қилинади, дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Баҳром Ҳайдаров 2020 йил 11 сентябрдаги 403-қ-сон қарори билан шаҳарнинг 6-тор Х.Ниёзий кўчаси 14-майдон 200 квадрат метрдан иборат ер майдонини якка тартибда уй-жой қуриш учун амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда ажратиб берган эди.
Ҳокимнинг қонун ҳужжатларига зид бўлган 403-қ-сон қарори ўшанда вилоят адлия бошқармасининг тақдимномаси ҳамда шаҳар прокурорининг протести асосида 19 октябрдаги 444-қ-сон қарор билан бекор қилинган.














