— Бизнинг музей 1926 йилда ташкил топган бўлса, ўша даврдаги геологларимизнинг йиғган бирламчи тош намуналари бир хонада аста-секинлик билан йиғилиб, мана ҳозирги даврга келиб геология музейи олий тоифали музейлар қаторидан жой олди.
Музейнинг энг биринчи хусусияти – бу муассаса соҳа музейи ҳисобланади. Геология қанақа фан, нимани ўргатади, нима беради каби жуда кўплаб саволларга жавобни ушбу музейдан топса бўлади. Бугунги кунда музейнинг 12та кўргазма зали бўлса, ҳар бир залнинг ўз номи, тушунтириб берадиган йўналиши бор.

Маълумки, геология – ерни ўрганувчи фан. Ўзбекистонда Менделеев даврий жадвалида мавжуд элементларнинг тахминан 90 фоизи топилган. Тўғри, булар ҳаммаси ҳам катта миқдорда эмас. Ўзбекистон жойлашган ер шунчалар бойки, юқорида айтганимдек, ҳамма маъданлардан бор. Масалан, олтин, уран, мис, қўрғошин, вольфрам ва шу каби жуда кўплаб маъданлар.
Энди ўтмишга бир назар қилсак, бизнинг ҳудудда яшаб ўтган инсонлар бу бойликлардан фойдаланганми, тоғ-кон саноати ривожланганми деган савол пайдо бўлади. Қадимги тарихда ислом етиб келмасдан аввал бу ҳудудларда кончилик ривожланган бўлган. 3,5 минг йил аввал ота-боболаримиз тиллани эритиб асбоб ясаган. Бошқасини гапирмаса ҳам бўлади.




Бугун ёшларни илмга қизиқтиришга тарғиб қилиняпти, мен ўйлайманки, ёш авлод мана бу каби музейларни кўриши ва тўла маълумотга эга бўлиши керак. Музейга ташриф буюрувчиларни анализ қилиш натижасида шу нарса келиб чиқадики, уларнинг 70 фоизи – боғча болалари ва мактаб ўқувчилари. Кимдир сўраши мумкин, боғча боласи бу ерда нимани кўради? Улар учун энг қизиқ нарса бу – динозаврлар. Бизда шундай зал бор, у ерда динозаврлар олами ҳақида тасаввур пайдо қилиш мумкин.
Мен доим орзу қилардимки, болалар фақат мактабдан олиб келинсагина бу ерларни кўриши эмас, ота-оналар ҳам фарзандини етаклаб олиб келиб музейни томоша қилдирса. Бугун қисман шунга эришяпман, ҳатто бобо-бувилари невараларини олиб келиб илм билан таништиряпти.


















