Бу йилги гуллар фестивали 8–16 май кунларига тўғри келди. Шаҳар бўйлаб сайр қилар экансиз, турли ташкилотлар, муассасалар томонидан жами 92 та гул безаклари ўрнатилганига гувоҳ бўласиз.
Рафиқам ва фарзандим билан мана шу 92 безакнинг баъзиларига ташриф буюрдик. Ҳар доимгидек жараёнларни расм ва видеога муҳрлашга ҳаракат қилдим.
Шаҳарнинг машҳур объектларидан бири Густав Эйфел томонидан Оняр дарёси узра қурилган Эйфел кўприги гуллар фестивалининг ҳам асосий безакларидан бири ҳисобланади. Қизил темир панжаралар шаклида ишланган мазкур кўприк турли гуллар, ўсимликлар ва барглар билан безатилган.


Гарчи пандемия туфайли саёҳат имконияти кескин чекланган бўлса-да, кўприкда кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни учратасиз.

Шунингдек, дарё узра ўтган бошқа бир қанча кўприклар ҳам гуллар билан безатилганини кўриш мумкин.

Жиронанинг эски шаҳар қисмига кириб борар экансиз, кўчалар ҳам гуллар билан безатилганига гувоҳ бўласиз.



«Тахтлар ўйини» фильмининг 6-мавсуми саҳналаридан айримлари олинган жой – Авлиё Марти Сакоста черкови зиналари ҳам гуллар ва хушманзара ўсимликлар билан безатилган.

Гуллар фестивалининг энг қизиқарли манзилларидан бири, шубҳасиз, мактаб ва боғча болаларининг ўқитувчилари ёрдамида тайёрлаган безаклари жойлашган кўчадир. Кўчада Жиронадаги мактаб, боғча, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари томонидан ишланган турли асарларни кўриш мумкин.























