18:12 / 14.05.2021
49329

«Озарбойжонни қандай қўллаб-қувватлаган бўлсак, Фаластин воқеаларида ҳам шундай ҳаракат қиламиз» – Эрдўған

Эрдўған 19 мамлакат етакчилари билан Қуддус ва Фаластиннинг бошқа шаҳарларидаги воқеаларни муҳокама қилганини билдирди.

Фото: REUTERS/Umit Bektas

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған AKP (Адолат ва тараққиёт партияси)нинг тантанали тадбирида Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилиши ҳақида муносабат билдирди.

«Биз террорчи Исроил давлатининг ваҳшийликларидан ҳам ғамгинмиз, ҳам ғазабдамиз. Туркиянинг бу масаладаги муносабати тамоман принципиалдир.

Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудларини озод қилиш учун олиб борган курашини қандай иштиёқ билан қўллаб-қувватлаган бўлсак, бугун Фаластинда содир бўлаётган воқеаларда ҳам айни шу ҳис билан ҳаракат қиламиз.

Сурия чегарасидаги террор коридорига қандай қилиб йўл қўймаган бўлсак, Масжид ул-Ақсога узатилган қўлларга ҳам ана шундай чора кўрамиз. Ливиянинг бўлинишига қандай қилиб йўл қўймаган бўлсак, Сомалининг ёлғиз қолишига қандай қилиб кўз юммаган бўлсак, Қримнинг қўшиб олинишини қандай рад этган бўлсак, бутун дунё буни эътиборсиз қолдирган тақдирда ҳам Исроилнинг зулмига шунчаки қараб турмаймиз.

Биз қизғин дипломатик фаолият олиб бордик, 19 мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашдик.

Биз халқаро ҳамжамиятнинг бу масаладаги бефарқлигидан афсусдамиз. Сиёсий хавотирлар ва ҳийла-найрангли ҳисоб-китоблар билан сукут сақлаш орқали Исроил томонидан тўкилган қонга шерик бўлаётганлар бир кун ўзларига ҳам навбат келишини билишлари лозим.

Агар Исроилнинг Фаластиндаги тажовузини зудлик билан тўхтатмасак, эртага барча бу шафқатсиз зеҳниятнинг нишонига айланади. Ушбу террористик давлат барча чегараларни кесиб ўтди. Қуддус бутун инсониятнинг умумий меросидир», деган Эрдўған.

Исроил ва Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» ҳаракатлари ўртасидаги навбатдаги ихтилоф 10 май куни бошланди. ҲАМАС Исроилга ултиматум қўйиб, Қуддусдаги Масжидул Ақсо атрофидаги ҳудудлар ва Шайх Жарроҳ даҳасидан хавфсизлик кучларини олиб чиқишни талаб қилган, йўқса уруш бошлаш билан таҳдид қилган. Бундан аввалроқ ушбу ҳудудларда Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Уларнинг бошланишига Исроилнинг Шайх Жарроҳдан фаластинлик оилаларни чиқариб юбориш қарори сабаб бўлган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, Исроил зарбалари оқибатида 119 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 600дан ортиқ киши яраланган.

Мавзу
Исроил ва Фаластин можароси
Яқин Шарқ май ойи ўрталарида Фаластин-Исроил можаросининг 2014 йилдан кейинги энг авж палласини бошдан кечирмоқда.
Барчаси
Top