Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суперлигада мавсумнинг энг ёш ва қизиққон мураббийи истеъфога чиқди
Суперлиганинг 8-турида «Қизилқум»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг (0:1), «Турон» клуби бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўз аризасига кўра лавозимини тарк этди.
«Клуб раҳбарияти иштирокида ўтган йиғилишда бош мураббий Исломбек Исмоилов ўз аризасига кўра истеъфога чиқарилди.
Жамоани вақтинча польшалик мутахассис Богуслав Баниак бошқариб турадиган бўлди. Суперлиганинг 9-турида «Сурхон» жамоаси билан ўтказиладиган баҳсга жамоани Богуслав Баниак тайёрлайди.
Клуб Исмоиловга жамоа ютуқ ва ғалабаларида қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирган ҳолда ёш мутахассиснинг келгусидаги фаолиятига улкан зафарлар ёр бўлишини тилайди», дейилади «Турон» матбуот хизмати хабарида.
«Турон» Суперлигада 8-турдан кейин бирор марта ғалаба қозона олмади, жамоа 3 дуранг ва 5 мағлубият қайд этган ҳолда сўнгги поғонани эгаллаб турибди.
«Турон» Суперлиганинг 2-тури доирасида «Сўғдиёна»га ноҳақ белгиланган пенальти эвазига мағлуб бўлгач, Исломбек Исмоилов учрашувдан кейин ўз фикрларини кескин оҳангда билдирганди ва бунинг (сўкинган ҳолда этика нормаларини бузганлиги) учун 2та ўйинга дисквалификация қилинганди.
Суперлиганинг 5-турида «ОКМК»га қарши ўйиндан (0:1) сўнг ҳакамликдан норозилигини яширмаганди.
«Ҳакамлар шахсга нисбатан адоват нуқтаи назаридан жамоамиз ўйинида хато қилаётган бўлишса, у ҳолда клубдан кетишга тайёрман. Жамоамиз ҳакамларнинг бундай муносабати, қилаётган қўпол хатоларига лойиқ эмас. Бундай хатти-ҳаракатлар менга нисбатан қаратилган бўлса, жамоадан кетишга тайёрман», деганди мураббий.
У Facebook ижтимоий тармоғида ҳам фикр билдириб, сабрнинг чегараси борлиги, воқеалар ривожи шундай давом этса, бутун умрга футболдан кетиши, лекин кўпчиликни ўзи билан бирга олиб кетишини айтиб ўтганди.

«ОКМК»га қарши ўйинда Исмоиловни норози қилган ҳолат учрашувнинг 35-дақиқасида рўй берган, ўша вазиятда «Турон» аъзолари Даян Поневичнинг зарбаси чизиқни кесиб ўтди деган фикрни илгари сурган, бироқ ҳакамлар тўп дарвозага кирмаганини кўрсатганди.
Маълумот учун, бу Суперлиганинг жорий мавсумида рўй берган тўртинчи истеъфо бўлди. Мавсум стартидаёқ «Навбаҳор» Нўмон Ҳасановни ишдан бўшатганди, кейинроқ «Металлург» Андрей Шипилов, «Андижон» эса Отабек Ғуломхўжаев билан хайрлашди.
Мавзуга оид
21:07 / 13.05.2026
Суперлиганинг энг қиммат футболчилари рейтинги тузилди
08:38 / 05.05.2026
Суперлигада жаҳон чемпионати якунига қадар танаффус эълон қилинди
22:14 / 29.04.2026
Суперлига. «Пахтакор» очко йўқотди, «Нефтчи» яна пешқадам бўлиб олди
17:43 / 25.04.2026