Жаҳон | 18:48 / 15.05.2021
10479
2 дақиқада ўқилади

Ғазодаги ОАВ офислари жойлашган 11 қаватли бино Исроил ракета зарбалари оқибатида вайрон бўлди

 10 майдан буён Ғазода 16 қаватли "Аш-Шурук", 14 қаватли Бурж-Ханади, 8 қаватли Бурж ал-Жавҳара иншоотлари ва саноат банки биноси вайрон қилинган.

Фото: AFP

Ғазодаги дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари офислари, апартаментлар ва тижорат компаниялари жойлашган ўн бир қаватли бино Исроил ракеталари ҳужуми оқибатида вайрон бўлди.

Al Arabiya телеканалининг маълумот беришича, "Ал-Жала" деб номланувчи ушбу бинода Қатар телестанцияси, Associated Press агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари ваколатхоналари жойлашган эди.

Ғазодаги энг баланд бинолардан бири ҳисобланувчи мазкур иншоотдагиларга уни тарк этиш учун бир соат вақт берилган. У Исроил ракеталари вайрон қилган Ғазодаги тўртинчи кўпқаватли бино бўлди.

Ғазо сектори жамоат ишлари ва уй-жой қурилиши вазирлигининг маълумот беришича, 10 майдан буён соҳилбўйи анклавида 500дан ортиқ уй бутунлай вайрон бўлган, 3 мингга яқин уйга шикаст етган. Жумладан, 16 қаватли "Аш-Шурук", 14 қаватли Бурж-Ханади, 8 қаватли Бурж ал-Жавҳара иншоотлари ва саноат банки биноси вайрон қилинган.

Охирги маълумотларга кўра, отишмалар натижасида Исроил томондан 10 киши, Фаластин томондан 139 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид