Яқин Шарқда Фаластин ҳамда Исроил ўртасидаги можаро яна авж олди. 2014 йилдан буён содир бўлган бу давлатлар ўртасидаги энг йирик тўқнашувларда Фаластин яққол аутсайдер. Чунки ҳарбий жиҳатдан Исроилга бас келиш осон эмас. Бошқа томондан араб давлатлари Фаластинни ёлғизлатиб қўймоқда. Кўпчилик араб олами вакиллари Исроил билан яқиндагина тикланган алоқаларни бузмаслик учун Фаластинни қўлламаяпти.

Ҳарбий амалиётлар бир неча кундан буён тўхтамаяпти. Ҳар икки томон бир-бирига ракета зарбаларини амалга оширмоқда. Фарқ шундаки, Исроилнинг зарбалари аксарият ҳолатда одамлар жуда зич яшайдиган кварталларга тушаётган бўлса, Фаластиннинг, аниқроғи, ҲАМАСнинг зарбалари ҳавонинг ўзида яксон қилинмоқда. Жанглар яна авж олганидан буён 132 киши ўлди. Улардан 32 нафари бола, 21 нафари аёл киши. Исроил томонидан 8 киши ўлди.

Янги уруш араб олами ва Исроил ўртасидаги муносабатларни яна кескинлаштирди. Ўтган йил кўпчилик араб давлатлари Исроил билан узоқ йиллик совуқ муносабатларни илиқлаштириб олишди. Араб давлатлари ҳамда Исроил муносабатлари илиқлашиши пойдевори бўлиши керак бўлган ҳужжат 2020 йил БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш ўртасида АҚШ воситачилигида имзоланиши керак эди. Ўшандан кейин араб давлатлари илк марта Исроил билан разведка ва давлат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилиши ҳақида эълон қилишди. Исроил ва Фаластин ўртасидаги урушнинг яна хуруж қилиши эса бу араб давлатларини жуда ноқулай аҳволга тушириб қўйди. Улар яқин-яқингача Исроил билан тиббиёт, иқтисод ва туризм соҳасида ҳамкорлик манфаатли эканига фуқароларини ишонтиришга уринаётганди, лекин бу мамлакат фуқаролари телевизор орқали Фаластиндаги уйлар қандай қилиб ракета ҳужумига учраётгани, мусулмон олами учун муқаддас бўлган Ақсо масжидига Исроил полицияси ҳужум қилганини кўриб туришибди. Бундай ҳолатда одамларни яна Исроил билан ишлаш манфаатли эканига ишонтириш қийин бўлади.

Икки стулда ўтириш

Араб мамлакатлари Исроил ва Фаластин ўртасидаги олдинги урушларда яҳудийларни кескин қоралар, воқеалар қайсидир маънода бир томонлама ёритиларди, яъни фаластинликлар зулмга учраётгани кўрсатиларди. Лекин бу галги уруш бошқача ёритилмоқда. Араб оламидаги давлат телеканаллари гўёки икки томонни ҳам эшитаётган бўлиб, Исроилдагилар ҳам сирена товушларидан ухлолмаётгани, ҲАМАС зарбаларидан қочаётганини кўрсатмоқда. БААнинг Sky News Arab телеканали Исроил томонининг ракета зарбалари нишони фақат ҲАМАС объектлари бўлаётгани ҳақидаги баёнотини кўрсатди.

Иордания ва Баҳрайнда, шунингдек, дунёнинг ўнлаб мамлакатида, хусусан, АҚШда Фаластинни қўллаб-қувватлаш акциялари ўтказилди. Мусулмон сиёсатчилар Фаластинни қўллашини маълум қилди, лекин бу чиқишлар ҳозирча фақат оғзаки бўлиб қолмоқда. Бу галги зиддият минтақада Эроннинг таъсири ошиши хавфи пайдо бўлган ва араб олами Исроилнинг минтақадаги ролини тан ола бошлаган вақтда содир бўлди. Бу эса вазиятни янада мураккаблаштирди.