Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Шуҳратбек Каримов шаҳар прокурори тақдимномасига асосан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Каримов сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб, шаҳар ҳокими ер ажратиш тўғрисида бир неча ноқонуний қарорлар чиқарганини танқид қилган.

Уни дахлсизлик ҳуқуқидан марҳум қилиш масаласи халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 май кунги сессиясида кўриб чиқилиб, шаҳар прокурорининг сўровига розилик берилган.

Эътиборлиси, бу йиғилишга депутатлар телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган. Шу сабабли Миллий гвардия ходимлари бир гуруҳ депутатларни тинтув қилган.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга кўра, бунда депутат дахлсизлигига риоя қилинмаган.

«Катта эҳтимол билан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқигаям тупуриб тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд «ўша» шахслар бўлиши керак», – дея Telegram-каналида ёзган Расул Кушербаев.

Депутатларнинг ёнида телефон йўқлигини текшириш топшириғини Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров берган. Миллий гвардия матбуот хизматига кўра, текширувга прокуратура ва ИИБ ходимлари бош-қош бўлган.

«[…] Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан, сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган», – дейилади Миллий гвардия расмий ахборотида.