Ўзбекистон | 11:41 / 18.05.2021
2699
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Тошкентга олиб кетилаётган 630 килограмм истеъмолга яроқсиз номаълум чорва ичаклари ушланди

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилоятида жойлашган мунтазам йўл-патруль хизмати масканида келиб чиқиши номаълум чорва молларига тегишли бўлган ички аъзолар тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 11 май куни соат 21:10ларда Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари чегарасида жойлашган «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида Қашқадарё — Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Дамас» автомашинаси Қашқадарё вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ Карантин бўлинмаси ва ЙҲХБ ходимларида шубҳа уйғотган.

«Дамас» тўхтатилиб, тегишли тартибда машина салони кўздан кечирилганда Ғузор туманида яшовчи Ж.И. ҳеч қандай ветеринария маълумотномаси бўлмаган, 8та қопга жойланган 630 килограмм оғирликдаги келиб чиқиши номаълум бўлган чорва молларининг ички аъзо (ичак)ларини олиб кетаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, чорва молларининг ички аъзолари Чироқчи туман озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лабораториясида текшириб кўрилганда яроқсизлиги маълум бўлган ва тегишли тартибда йўқ қилинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид