Яқин Шарқда Фаластин ҳамда Исроил ўртасидаги можаро яна авж олиб, ҳарбий амалиётлар бир неча кундан буён тўхтамаяпти. Айни пайтдаги бу воқеалар бутун минтақада вазият кескинлашувига сабаб бўлмоқда. Кўпчилик томонидан билдирилаётган фикрларга кўра, бу урушда Фаластин яққол аутсайдер. Аммо вазиятга бошқа томондан қаралса ҳақиқатан ҳам шундайми?
Фаворитлар ва аутсайдерлар
Библияда ёзилишича, Фаластиндан бўлган улкан жуссали Голиаф Исроил ерларига бостириб киради. Исроилликлар ўз ерларини ҳимоя қилиш мақсадида ораларидан танлаб олинган Дэвидни Голиафга қарши жанггa юборадилар. Икки ўртадаги тўқнашувда Голиаф фаворит бўлишига қарамасдан, аутсайдер Дэвид томонидан тош билан уриб ўлдирилади.
2021 йил май ойидаги Исроил-Фаластин низоси эса юқоридаги вазиятнинг тамомила аксини кўрсатмоқда. Илғор ҳарбий техника, қудратли халқаро ҳамкорлар, улкан молиявий ҳомийлар ва юқори даражада ривожланган иқтисодиётга эга Исроил «уларга фақат тошлар улоқтириш билан қаршилик кўрсата оладиган» Фаластин ерларига тажовуз қилмоқда. Айрим матбуот ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрига кўра, бу урушда Исроил фаворит, Фаластин эса яққол аутсайдер бўлиб кўринмоқда.
Бироқ канадалик ёзувчи Малколм Гладвел ўзининг «Дэвид ва Голиаф: гигантларни мағлуб этиш санъати» асарида фаворитлар ва аутсайдерлар тўқнашувига янгича қараш билан ёндашади. Яъни Дэвид ва Голиаф жангини мисол сифатида оладиган бўлсак, классик жанглар назариясига кўра, оғир қуролланган гуруҳга қарши енгил ва тезкор гуруҳ, тезкор гуруҳга қарши камончилар, камончиларнинг қалъаларини қулатиш учун эса оғир қуролланган жангчилар юборилади. Шу тариқа, ўзаро курашларнинг учбурчаги вужудга келади. Агар ушбу назариядан келиб чиқилса, тўқнашувда аслида Дэвид фаворит бўлиб чиқади.
Энди савол пайдо бўлади: Исроил ҳам ҳозирги урушда фаворитми? Нега Нетаняҳу анча заиф бўлган ҲАМАСга қарши бунча талвасага тушяпти? Сабаб сифатида воқеалар ривожини чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, бутунлай акс томонни кўрсатмоқда.
Нетаняҳу ва ҲАМАС
Авваламбор, Фаластиндаги сайловларда ҲАМАСнинг қўли устун кела бошлаши Исроилнинг яқин чегараларида асосий рақобатчилари ҳокимияти ўрнатилишига олиб келади. Фаластинда мўътадил кайфиятдаги Маҳмуд Аббос ўрнига ҲАМАСчиларнинг бўлиши Исроил обрўйини кескин тушириб юборади.
Иккинчидан, Натаняҳунинг Исроил ички сайловларида ҳам ишлари юришмаяпти. Агар сайловларда коалиция тузиладиган бўлса, Нетаняҳу ўз ўрнини Ғарбий соҳилларни тўлалигича босиб олиш ва Фаластин мустақиллигини тугатиш тарафдори бўлган Нафтали Бернадетга бўшатиб беришга мажбур бўлади. Гўёки Нетаняҳу ўта ўнг кайфиятдаги сайловчиларни жалб қилиш учун бу ишни ўзи амалга ошириб қўя қолди.

















