15:00 / 21.05.2021
8083

Тошкентда сув таъминоти соатбай тизимга ўтиши мумкинми? Соҳа масъули масалага ойдинлик киритди

2021 йил 21 май куни АОКАда “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирокида “Аҳолининг ичимлик суви бўйича дебитор қарздорлиги ва тармоққа ноқонуний уланишларнинг олдини олиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири “Сув танқислиги йилдан йилга оғирлашиб бормоқда. Вилоятларда сувни соатбай таъминлаш тизими йўлга қўйилган. Бу йилги мавжуд оғир вазиятдан келиб чиқиб Тошкент шаҳрида ҳам соатбай тизимга ўтиш эҳтимоли борми?”, дея савол берди.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ директори Мақсуд Аббосхонов шундай жавоб қайтарди:

“Биз сув захиралари бўйича Сув хўжалиги вазирлиги билан мунтазам иш олиб борамиз. Тошкент шаҳрининг 80 фоиз таъминоти Қодирия сув ҳавзасидан олинади. Истеъмол энг юқори бўлган ёз ойларида Тошкент шаҳрига суткасига 2-2,2 млн куб/метргача сув етказиб берамиз. Ҳозирча захирамиз етарли, соатбай таъминот тизимига ўтиш режалаштирилмаяпти.

Аммо бизни қийнаб турган муаммолардан асосийси – пойтахтнинг ўзида 100 млрд сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик тўпланиб қолган. Бу албатта мураккаб масала. Бунинг ечими учун соҳани рақамлаштириш орқали тўлов интизоми ва маданиятини кучайтириш, шунингдек, етказиб берилаётган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова сув хизматлари бўйича пул маблағлари оқими шаффофлигини янада ошириш орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, жорий йил 20 майдан 1 июлгача пилот лойиҳа тариқасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай туманларида назоратчилар томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари бутунлай тўхтатилади.

Ўзи дунё тажрибасига қаралса, ривожланган давлатларда дебитор қарздорлик деган тушунча йўқ”, – деди саволга жавобан.

Top