Ўзбекистон | 14:17 / 22.05.2021
20608
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 700 га яқин Ўрта Осиё чўл тошбақасини олиб кетаётганлар ушланди. Ушбу тур «Қизил китоб»га киритилган

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида жойлашган «Умакай» ЙПХ мунтазам постида «Қизил китоб»га киритилган 700 га яқин Ўрта Осиё чўл тошбақасини юк машинасида олиб кетаётганлар ушланган. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 21 май куни Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ИИБ ЙПХХ, ўсимликлар карантин инспекцияси ва ветеринария ходимлари ҳамкорликда Чироқчи тумани «Умакай» ЙПХ мунтазам масканида юк машинасида «Қизил китоб»га киритилган 700 га яқин Ўрта Осиё чўл тошбақасини олиб кетилаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, браконьерлар томонидан вилоятдан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётган тошбақалар бўйича вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ҳуқуқий кўриб чиқиш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Сўнг, тошбақалар тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда экологик муҳофаза ҳудуди ҳисобланган Бухоро ихтисослаштирилган Жайрон питомнигига топшириш учун жўнатилган.

Мазкур иш бўйича суриштирувларда, тошбақалар табиий яшаб турган муҳитидан ноқонуний йиғиб-териб олиб кетилаётганлиги аниқланган.

Маълумот учун, ушбу тур Ўзбекистон «Қизил Китоби»га киритилган бўлиб, «Ўрта Осиё чўл тошбақаси» (TORTOISE Agrionemys horsfieldii) деб номланади. Ноёб эндимек тур ҳисобланган ушбу тошбақалар мамлакатимизнинг барча адирликларида учрайди. Тижорат (экспорт) мақсадида тошбақаларни овлаш ва тухумларини териш, жумладан, браконьерлар томонидан турли ноқонуний мақсадларда териб олиниши) натижасида ушбу тур камайиб кетмоқда.

P.S. Аввалроқ Kun.uz’да ўз хонадонида тошбақаларни кўпайтираётган ва Европага экспорт қилиш режасида бўлган тадбиркор фаолияти ёритилган эди.

 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид