Вадим Абрамовнинг айтишича, йиғин давомида ЖЧ-2022 саралашининг Саудияда ўтказиладиган мини-турнирига борадиган таркибда ўзгариш бўлади. Мураббий Мурод Холмуҳаммедов «Сўғдиёна»га қарши ўйинда жароҳат олгани, Лутфулла Тўраев эса охирги вақтларда унча яхши кўринмаётгани учун йиғинга олиб кетилмаслигини айтди. Мураббийнинг фикрича, Лутфулла Тўраевнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ундан Саудиядаги қийин об-ҳаво шароитида фойдаланиш тўғри бўлмайди. Жасур Яхшибоев ва Остон Ўрунов ҳам жароҳат сабаб йиғинга чақирилмаган.

Миллий жамоа йиғинига «Бунёдкор» дарвозабони Равшан Ягудин ва ОКМК посбони Валижон Раҳимов чақирилгани ҳам кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Чунки Ягудин чемпионат ўйинларида ўзини айтарли кўрсатиб улгурмаган бўлса, ОЧЛдаги иштирокини яхши бошлаган Валижон Раҳимов кейинчалик жамоасининг асосий дарвозабони бўлмай қолди. Мураббий Раҳимовни бўйи баланд бўлгани учун, Ягудинни эса оёқ билан яхши ўйнай олиши учун чақирганини ва улар якуний таркибдан тушиб қолиши мумкинлигини айтди.

Миллий жамоа устози дарвоза ва марказий ҳимояни айни дамдаги асосий муаммо деб атади. У «Пахтакор» сардори Егор Кримецни нега миллий жамоага чақирилмаганини унинг охирги ўйинларда қатнашмаётгани билан изоҳлади. Мураббий яна бир жиҳатга эътибор берди. Миллий жамоага Корея чемпионатидан футболчилар жалб этилган ва улар Саудияда Ўзбекистон вақти билан 23:00 да майдонга тушиши керак бўлади. Бу вақтда улар ҳозир кўникиб юрган Кореяда тунги соат 03:00 бўлади. Бундай вақт ўзгаришига мослашиш учун эса вақт кетади. Шу сабаб Абрамов барча футболчига алоҳида ёндашиш кераклигини айтди.

Вадим Абрамов суҳбат давомида қизиқ маълумотни айтди. Унга кўра, Ўзбекистон Дубайда Австралияга қарши 30 дақиқадан учта таймдан иборат ўйин ўтказади. Мураббий австралиялик ҳамкасби билан шундай келишганини айтди. Келишувга кўра, Австралия барча таймларда ҳар хил таркиб билан ўйнайди. Абрамов ҳам бу ўйинларда ҳар хил таркибни тушириш орқали футболчиларнинг кучини синаб олади.

Абрамов Одил Аҳмедов қовурғасида жароҳат бўлишига қарамай миллий жамоага чақирилганини айти. Унинг фикрича, Аҳмедовнинг жамоада бўлганининг ўзи кўп нарсани англатади. Мураббий ҳужум чизиғидан ва ундаги рақобатдан кўнгли тўлаётганини айтиб, хусусан, Темурхўжа Абдухолиқов яхши формага кириб бораётганини таъкидлади. Фаррух Икромовга эса мураббий шундай таъриф берди: «Бу футболчи керак бўлса, ҳаммани ҳайратда қолдириши мумкин, бироқ ўйини чиқмай, йўқолиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Бир сўз билан айтганда, ностандарт футболчи».