Испания чемпионати. Лига 1. 38-тур
«Вальядолид» — «Атлетико» — 1:2 (1:0)
Голлар: Оскар Плано, 18 (1:0). Корреа, 57 (1:1). Суарес, 67 (1:2).
«Вальядолид»: Масип, Кико Оливас, Оласа, Янко (Э.Перес, 82), Ал-Ямиқ, Меса (Мичел, 62), Сан Эметерио (Эрвиас, 82), Оскар Плано, Вилья (Гвардиола, 62), Вайссман, Маркос Андре (Жоау Филипе, 62).
«Атлетико»: Облак, Триппьер, Фелипе, Хименес, Эрмосо (Лоди, 63), Коке, Сауль (Жоау Фелиш, 63), Льоренте (Кондогбия, 79), Суарес, Феррейра-Карраско, Корреа (Эррера, 85).
Огоҳлантиришлар: Маркос Андре, 55. Эль-Ямик, 70. Мичел, 74. Жоау Феликс, 78. Сан Эметерио, 78. Фелипе, 83. Лоди, 87.
Ҳакам: Санчес Мартинес.
22 май. Вальядолид. «Хосе Соррилья» стадиони.

Испанияда ўтган мавсум шоша-пиша якунлаб қўйилган вақтда жуда кўпчилик янги мавсумда етакчи клублар қандай ҳолатда бўлишини, чемпионат чинакамига омон қолиш учун пойгага айланишини тасаввур қила олмасди. Пандемия туфайли янги мавсум одатдагидан анча кеч бошланди ва бу тақвим тиғиз бўлишини талаб этарди, еврокубок ўйинларида эса турлар орасида аввал бўлгани каби икки ҳафталик танаффус йўқ эди, терма жамоалар бир ҳафта ичида учтадан ўйин ўтказишди.

Шундай экан, Испаниянинг янги чемпиони — худди Леонардо Ди Каприога илк «Оскар» келтирган «Омон қолган» фильми қаҳрамони кабидир. Бу эстремал шароитларда камроқ йўқотишларга йўл қўйган, бардошли жамоа бўлди. «Барселона» можаролар ботқоғидан чиқишга ва Роналд Куман футболига мослашишда давом этаётган, «Реал» эса ўтган мавсум чемпионлигидан сармаст ҳолатда янги мавсум учун иштиёқ топа олмаётган пайтда «Атлетико» анча илгарилаб кетди ва бу Диего Симеоненинг етти йил олдинги триумфини ҳам эслатиб юборарди.

Ўшанда ҳам «матрасчилар» рақибларидаги инқирозли ҳолатдан фойдаланиб қолгани ҳақида гапиришганди. Аммо бу сафар барча бир хил шароитда эди, гарчи Зинедин Зидан ўнлаб жароҳатларни баҳона қилиши мумкин бўлса-да, «Атлетико»да ҳам муаммолар бор эди.

Турли сабаблар туфайли чизиқларда футболчилар етишмаслиги туфайли Симеоне мажбуран уч марказий ҳимоячилик схемада ўйнади. Унда ўнг қанотга тушириш учун футболчи қолмаган вақтлар ҳам бўлди ва ўйин натижалари учун пул тикиб, қоидаларни бузгани туфайли узоқ муддатга четлатилган Киран Триппьернинг дисквалификацияси бекор қилингач, мураббий енгил тин олди. Симеоне ҳужумчисиз қолган вақтлар бўлди, аммо у Анхел Корреани ҳужум марказига юборди ва бу футболчи фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказди.