Эрта тонгдан гуллар билан безатилган машиналар парадидан бошланди. ўзига хос гулларга бурканган 200 дан ортиқ машиналар Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғига қадар йўл босиб ўтди. Бу йилги параднинг ўзига хослиги — ҳарбий техникалар ҳам гуллар билан безатилгани бўлди.






Фестивалнинг расмий очилиш маросими эса Наманган шаҳридаги Тинчлик стелласида бўлиб ўтди. Ушбу маросимга тайёргарлик ишлари 2020 йил сентябр ойидан бошланган эди. Шаҳар атрофи шу кунгача 10 миллиондан ортиқ гулларга бурканди. Фестивал ўтказиладиган боғ ҳам ўзига хос ландшафт дизайнларига эга бўлди.



Байрамнинг яна бир ўзига хослиги — гуллар савдоси ҳам алоҳида павильонда ташкил этилди. Фестивалга нафақат наманганлик, балки қўшни вилоятлар ва қўшни республикалардан ҳам моҳир гулчилар ташриф буюрган.
«10 йилдан бери гулчилик билан шуғулланамиз. Гуллар байрамида 5 йилдан бери қатнашамиз. Бу йил ўзимиз ўстирган кўп йиллик гуллардан 3 мингга яқинини олиб келганмиз», — дейди Андижон шаҳридан келган гулчи Раҳимберди Сотиволдиев.
Фестивалга Наманган билан биродарлашган вилоятлар ва шаҳарлар делегациялари ҳам таклиф этилган. Улар қаторида Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Хитойнинг Цингдау, Жанубий Кореянинг Инчон, Беларуснинг Могилёв шаҳарлари, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Свердловск, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятлари бор.

















