Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида» қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатларнинг 98,4 фоиз овози билан маъқулланди. Аммо унинг баъзи бандлари эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқишди ва бу 98,4 фоиз депутатлар томонидан маъқулланди.

Янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати сифатида амалдаги қонунда (амалдаги қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, 30та моддадан иборат. Бугунги кунга қадар унга 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган) умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжудлиги, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмагани айтилган. Шунингдек, янги қонуннинг яратилиши реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланганмагани ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётгани билан ҳам изоҳланган.

ОАВ эркинлигига яна бир зарба

Аммо қонун лойиҳасидаги бир қанча жиҳатлар тадбиркорлар ва жамоатчилик томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳасининг 18-моддасида шундай бандлар бор:

Қуйидагиларни тайёрлашда ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди:

  • янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда;
  • реклама роликлари ва блокларида;
  • телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида.

Бу эса ўзини ўзи молиялаштирадиган бир қанча хусусий телеканаллар ва ОАВни қаттиқ хавотирга соляпти. Хусусан, Kun.uz боғланган «Менинг Юртим» телеканали расмийси бу бандларга қатъий реакция билдирди.

«Хусусий телеканал бўлганимиз сабабли барча яратилаётган кўрсатувлар, дастурлар ҳомийлик тўловлари орқали молиялаштирилади. Ҳомийларнинг бундан оладиган манфаати эса теледастурларнинг анонсларида ўз рекламаларининг чиқиши ҳисобланади.

Тушунишим бўйича, анонс блокларида ҳомийлик рекламасининг чиқишига тақиқ қўйиладиган бўлса, биз барча ҳомийларни йўқотамиз. Ҳаммаси маблағга бориб тақалади, бир қанча ижодий жамоалар фаолияти тўхтаб қолиш эҳтимоли жуда юқори. Оддий қилиб айтганда - аслида ҳеч кимга халақит бермаётган 5 секундлик анонслар бир қанча production студияларининг фаолият олиб боришига замин яратмоқда. Бунда биргина биз эмас, ҳар бир телеканал бир йилда камида бир неча миллиард сўм зарар кўради. Давлат ҳам яхшигина солиқ йўқотади.