Жамият | 14:23 / 24.05.2021
16526
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда бир-бирига ҳужжат кўрсатмаган ҳайдовчи ва ЙПХ ходимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади

Самарқанд вилоятида жойлашган ЙПХ масканида ҳайдовчи ЙПХ инспекторига ҳужжатларни тақдим этмаган. Ўз навбатида ЙПХ инспектори ҳам ҳайдовчига хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган. Ўртада тортишув бўлиб ўтган. Уларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда ўзаро тортишаётган ва бир-бирига ҳужжат кўрсатмаётган ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги тортишув тасвирланган видео тарқалди. Аниқланишича, мазкур ҳодиса Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган «Омон Қўтон» ЙПХ масканида содир бўлган.

Қайд этилишича, ЙПХ инспектори сафдор О.Ортиқов йўриқнома асосида М-39 халқаро автомобиль йўлининг 1119-километрида жойлашган «Омон Қўтон» ЙПХ масканида ҳизмат олиб бораётганда Lada Vesta автомашинаси ҳайдовчисини қувиб ўтиш қоидаларини бузганлиги учун тўхтатган.

У тегишли ҳужжатларини тақдим қилишни сўраганида ҳайдовчи ЙПХ инспекторидан ўзини танитишини ва хизмат гувоҳномасини кўрсатишини, шундан сўнг тегишли ҳужжатларни беришини айтади. Шу тариқа ўртада тортишув келиб чиқади. ЙПХ инспектори хизмат гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортади. Ҳайдовчи эса унга тегишли ҳужжатларни бермайди.

Таъкидланишича, ходим ва ҳайдовчи ўртасидаги тўлиқ мулоқот инспекторнинг Body камерасида қайд этилган. ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги мулоқот юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматига кўра, ЙПХ ходими билан тортишган ушбу ҳайдовчи сўнгги 1 йил мобайнида 4 маротаба йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ қоидабузарликлар содир этган.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид